Иқтисодиёт | 12:46 / 26.09.2025
3345
3 дақиқада ўқилади

АҚШ иқтисодий кўрсаткичлари яхшилангани фонида олтин нархи барқарорлашди

Қўшма Штатларда иккинчи чоракдаги иқтисодий ўсиш кутилганидан юқори бўлгани ва ишсизлик аризаларининг камайиши фонида олтин нархи барқарор даражада қолди. Бу инвесторларнинг Федерал резерв йил охиригача фоиз ставкаларини пасайтиришига бўлган кутилмаларини пасайтирди.

Фото: REUTERS

Reuters хабарига кўра, жума куни спот олтин унцияси 3748,41 доллардан савдолашди. Бу ҳафта эса нарх 1,6 фоизга кўтарилди. Декабр ойидаги АҚШ олтин фючерслари ҳам 3774,5 доллар даражасида қолди.

Мутахассисларнинг қайд этишича, иккинчи чоракда иқтисодий ўсиш суръатлари юқори бўлгани ҳамда ишсизлик бўйича аризаларнинг камайиши инвесторларнинг Федерал резерв (FED) йил охиригача фоиз ставкаларини пасайтиришига бўлган кутилмаларини пасайтирди.

Шунингдек, АҚШ президенти Доналд Трампнинг янги божхона тарифлари ҳақидаги баёноти ҳам олтин нархларига қисқа муддатли қўллаб-қувватлаш берди. Энди инвесторлар эътибори Федерал резервнинг асосий инфляция кўрсаткичи — PCE индексига қаратилган. У август ойида йиллик 2,7 фоизга, ойлик 0,3 фоизга ўсиши кутилмоқда.

“KCM Trade” компанияси таҳлилчиси Тим Уотерернинг таъкидлашича, олтин савдоси бироз суст кетмоқда, чунки трейдерлар асосий PCE (шахсий истеъмол харажатлари) маълумотлари юқори чиқишидан эҳтиёт бўлиб, кучли қарор қабул қилишдан тийилмоқда.

Пайшанба куни эълон қилинган маълумотларга кўра, АҚШда ҳафталик ишсизликка даъво аризалари камайди, иқтисодиёт эса кучли истеъмол харажатлари ва бизнес инвестициялари ҳисобига иккинчи чоракда кутилгандан тезроқ ўсди.

Шунинг ортидан инвесторлар FED октябрь ва декабрь ойларида ставкаларни пасайтириш эҳтимолини пасайтирди: CME FedWatch Tool маълумотларига кўра, октябрда ставкани пасайтириш эҳтимоли 91 фоиздан 85 фоизга, декабрда эса 76 фоиздан 60 фоизга тушди.

Трамп пайшанба куни 1 октябрдан бошлаб кенг кўламли импорт товарларига нисбатан янги жазоловчи тарифлар жорий этилишини эълон қилди. Энди барча эътибор шахсий истеъмол харажатлари нарх индексига қаратилган. Бу ҳисобот, Reuters сўровига кўра, август ойида ойлик 0,3 фоиз ва йиллик 2,7 фоизга ўсишни кўрсатиши кутилмоқда.

Хитойда жисмоний олтинга талаб бу ҳафта яна заифлашди, бироқ бошқа йирик Осиё бозорларида юқори нархларга қарамай, барқарор харидлар давом этди, чунки харидорлар нарх ошишидан умид қиляпти.

Бундан ташқари, кумуш деярли 1 фоизга пасайиб, бир унция учун 44,83 долларни ташкил этди. Платина 0,8 фоизга кўтарилиб, 1 541,39 долларга чиқди ва сўнгги 12 йилдаги энг юқори кўрсаткичга яқинлашди. Палладий эса 0,9 фоизга ўсиб, 1 261,59 долларни ташкил этди. Ушбу учала металл ҳам ҳафталик ўсишга йўналмоқда. 

Тайёрлаган:  Мадина Очилова

Мавзуга оид