Жаҳон | 07:36 / 26.09.2025
7272
2 дақиқада ўқилади

Маск: Инсоният 2055 йилгача Марсда жойлашиши мумкин

SpaceX асосчиси ва бош директорининг фикрича, агар оғир ракета ташувчилар бўйича бир қанча муҳим ютуқларга эришилса, инсоният 2055 йилга бориб Марсда барқарор, ўзини ўзи таъминлайдиган колония барпо этиши мумкин.

Фото: SpaceX

«Ўйлайманки, буни 30 йил ичида амалга ошириш мумкин, агар ҳар икки йилда бир очиладиган Марсга парвозлар билан биз у ерга етказиб беришимиз мумкин бўлган тоннажни экспоненциал равишда оширсак», — деди Маск.

Тоннажни кўпайтириш жуда муҳим, деди миллиардер, чунки Марсдаги аҳоли пункти турли хил нарсаларни талаб қилади — турар жой модулларидан тортиб робот ёрдамчиларгача. Ҳақиқатан ҳам ўзини ўзи таъминлаш учун «цивилизациянинг барча таркибий қисмлари» бўлиши керак, дея қўшимча қилди Маск: озиқ-овқат етиштириш, Марс атмосферасидан ёнилғи олиш, микрочиплар, компютерлар ва ракеталарни ишлаб чиқариш учун материаллар.

Келажакда тўлиқ қайта фойдаланиш мумкин бўлган Starship V3 транспорт тизими ушбу вазифаларни бажариш учун мўлжалланган. У 100 тоннадан ортиқ фойдали юкни орбитага олиб чиқа олади. Бу Falcon Heavy'нинг қайта фойдаланиш мумкин бўлган юк ташиш ҳажмидан тахминан 2,5 баравар кўпдир. Айни пайтда, Falcon Heavy'дан, худди Falcon 9 каби, фақат қисман қайта фойдаланиш мумкин: унинг юқори босқичи бир марталик. Super Heavy ва Ship (Starship'нинг юқори босқичи) қайта фойдаланиш учун мўлжалланган.

Маскнинг сўзларига кўра, Starship V3 тахминан 124,4 метр баландликда бўлади, Starship V2 эса - 121 метр. Ушбу учинчи версия Марсга уча оладиган транспорт тизимининг биринчи модификациясига айланади. SpaceX келгуси йилнинг бошида ундан Қизил сайёрага биринчи учувчисиз миссияларни юбориш учун фойдаланиши кутилмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид