Жамият | 14:51 / 27.09.2025
2786
1 дақиқада ўқилади

Британия ўзбекистонлик ишчиларни мавсумий меҳнат визалари асосида жалб этади

Мамлакат элчихонаси кўмагида Миграция агентлиги директори Беҳзод Мусаев ва Британиянинг "Меҳнат таъминотчилари уюшмаси" (ALP - Association of Labour Providers) бош директори Дэвид Кэмп ўртасида учрашув ташкил этилди.

Фото: Дунё

Учрашув давомида меҳнат миграцияси йўналишида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, Буюк Британия қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш соҳаларида меҳнат қилувчи ўзбекистонлик ишчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар меҳнат бозорида шаффофликни таъминлаш, ишчиларни ноқонуний агентликлардан ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг иш ҳақи ва меҳнат шарт-шароитлари қонун доирасида кафолатланишини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда ўзбекистонлик ишчиларни Буюк Британияда мавсумий меҳнат визалари асосида жалб этиш жараёнларини самарали йўлга қўйиш, уларга ҳуқуқий ва ахборот кўмаги кўрсатиш ҳамда икки ташкилот ўртасида доимий мулоқот ва тажриба алмашишни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.

ALP – Буюк Британиянинг мавсумий ишлар, озиқ-овқат, саноат, логистика каби соҳаларда ишчиларни етказиб берувчи ва манфаатларини қўллаб қувватловчи ташкилот ҳисобланади. Уюшма 300 дан зиёд йирик компанияларни бирлаштиради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид