Жаҳон | 16:06 / 27.09.2025
2911
2 дақиқада ўқилади

Эрон ва Россия янги АЭС бўйича 25 млрд долларлик келишув имзолади

Теҳрон ва Москва Эрон жанубида ҳар бири тахминан 1255 МВт қувватга эга тўртта учинчи авлод атом электр станцияси энергоблокларини қуришга келишиб олди, деб хабар қилди Теҳрон.

Фото: imago images/ITAR-TASS

Теҳрон ва Москва Эронда янги атом энергетика блокларини қуриш бўйича келишув имзолади. Ҳужжат БМТнинг Ислом Республикасига қарши санкциялари қайта тикланиши мумкин бўлган муддат тугашидан бир кун олдин қабул қилинган. Бу ҳақда 26 сентябр, жума куни Эрон Атом энергияси ташкилоти (ЭАЭТ) маълум қилди.

Шартнома Эроннинг Iran Hormoz компанияси ва "Росатом" давлат корпорациясининг шуъба корхонаси "Русатом Энерджи Проджектс" ўртасида имзоланган. AFP хабарига кўра, келишув қиймати 25 миллиард долларни (21 миллиард евро) ташкил этади.

Лойиҳа ҳар бири тахминан 1255 МВт қувватга эга бўлган тўртта учинчи авлод атом электр станцияси (АЭС) энергоблокларини ўз ичига олади. Умумий қувват 5020 МВтни ташкил қилади.

Лойиҳа Хормозган ва Эрон жанубидаги Сирик порти ҳудудида 500 гектар майдонда амалга оширилади. ЭАЭТ маълумотларига кўра, майдончани танлаш тугалланди ҳамда муҳандислик ва экологик тадқиқотлар якунланди.

"Росатом" ҳозирча маълумотга изоҳ бермади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид