Спорт | 12:29 / 28.09.2025
16049
21 дақиқада ўқилади

«МЮ», «Ливерпул» ва «Челси» ютқазди, «Сити»да йирик ғалаба, Германияда аномал ҳисоб

Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: Catherine Ivill — AMA/Getty Images

Англия: фаворитлардан фақат «Сити»да ғалаба

«Брентфорд» – «Манчестер Юнайтед» 1:3
Голлар:
Тиаго, 8 (1:0). Тиаго, 20 (2:0). Шешко, 26 (2:1). Йенсен, 90+5 (3:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Бруну Фернандеш, 76’
«Брентфорд»: Келлеҳер, ван дер Берг, Коллинз, Ҳики (Ҳенри, 75), Кайоде, Ҳендерсон (Онека, 81), Ярмолюк, Дамсгор (Янелт, 81), Шаде, Уаттара (Люис-Поттер, 75), Тиаго (Йенсен, 90)
«Манчестер Юнайтед»: Алтай Байиндир, Магуайр (Йоро, 66), Шоу (Маунт, 81), де Лиҳт, Бруну Фернандеш, Угарте (Майну, 66), Доргу (Зиркзе, 85), Далот, Куня, Мбемо, Шешко
Огоҳлантиришлар: Коллинз, 72. Шаде, 80 – Бруну Фернандеш, 55. Доргу, 84

Турни шу куни ўзига хос бўлмаган қора-сариқ рангли формада майдонга тушган «МЮ» очиб берди. Клуб бу рангларда 90-йиллар бошларида, ўз тарихида илк бор кетма-кет икки чемпионликка эришган даврида ўйнаган. Аммо бу ҳам жамоага ёрдам бермади ва ўйин стартидаёқ тезкор гол ўтказиб юборилди. Ҳужумда тўп йўқотилгач, Ҳендерсон ўз жамоаси жарима майдони яқинида туриб узун пас узатди, Магуайр сунъий офсайд ҳолати юзага келтиришга улгурмади ва тўпни бошда ўзига бўйсундириб олган Игор Тиаго кучли зарба билан яқин «тўққизлик»ни нишонга олди.

Кейинроқ бир неча ажойиб сейвлар амалга оширган Байиндирда бу вазиятда имконият йўқ эди. Кўп ўтмай Тиаго қайтган тўпни дарвозага киритиб юбориб, дублини расмийлаштирганида ҳам.

20-дақиқага келиб икки гол фарқи билан ортда қола бошлаган меҳмонларда ҳеч қандай имконият қолмагандек кўринганди. Аммо «қизил иблислар» тезда ўзига келишди ва ҳисобни қисқартиришди. Қарши ҳужумда Патрик Доргу тўпни жарима майдонига етказиб берганида, тартибсизлик юзага келди ва «МЮ»нинг ёздаги харидларидан бири Бенямин Шешко учинчи уринишда тўпни дарвозага йўллаб, дебют голини нишонлади.

Иккинчи бўлим бошида «Брентфорд» яна рақибдан яхшироқ бошлади ва кетма-кет ҳужумлар уюштирди. Лекин гол кўпроқ меҳмонларга зарур эди ва Рубен Аморим 66-дақиқада иккиталик алмаштириш амалга оширди. Лени Йоро шу куни юқори ҳимоя чизиғида яхши ҳаракатлана олмаган Магуайрнинг ўрнига тушди. Таянч яримҳимоячиси Мануэл Угарте эса ҳужум вакили Кобби Майнуга ўрнини бўшатиб берди.

Шу куни мезбон мухлислар томонидан ҳуштакбозликка учраган Брайан Мбемо 76-дақиқада «МЮ» учун пеналти ишлади. VAR бу эпизодни Нейтан Коллинзни майдондан четлатиш эҳтимоли бўйича жиддий кўриб чиқди, аммо футболчига кўрсатилган сариқ карточка етарли деб топилди.

Нуқтага «МЮ» сардори Бруну Фернандеш яқинлашди, аммо у бу мавсумда иккинчи бор 11 метрдан муваффақиятсиз зарба берди. Келлеҳер эса ўз дарвозасига белгиланган сўнгги бешта пеналтидан учтасини қайтармоқда. Бу эпизод амалда ўйин тақдирини ҳал қилди. Қолган вақт давомида «Юнайтед» босим қилишга уринди, аммо чинакамига хавфли вазият ярата олмади. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса «Брентфорд» қарши ҳужумда учинчи голни ҳам урди. «Манчестер Юнайтед» 2024 йил май ойидан буён АПЛда қаторасига икки ғалабага эриша олмаяпти. Аморим ўжарлик билан ўзининг 3-4-3 схемасидан воз кечмасдан, ўз истеъфосини яқинлаштирмоқда. Португалиялик мутахссис «МЮ» бошқарувида АПЛнинг 33 ўйинида ишлади. Жамоа унинг бошқарувида фақат тўққиз ўйинда ғалаба қозонган, етти бор дуранг ўйнаб, 17 ўйинда мағлубиятга учраган.

«Брентфорд» эса ёзда «Тоттенҳэм» бошқарувига йўл олган Томас Франксиз ҳам, собиқ жамоадошларига қарши ўйнаган Мбемосиз ҳам, Исак ўрнига «Нюкасл»га ўтиб кетган Виссасиз ҳам, жамоа сардорлигидан «Арсенал»нинг захира ўриндиғини афзал кўрган Норгарсиз ҳам АПЛда муносиб иштирок этмоқда.

«Кристал Пэлас» – «Ливерпул» 2:1
Голлар:
Сарр, 9 (1:0). Киеза, 87 (1:1). Нкетиа, 90+7 (2:1)
«Кристал Пэлас»: Ҳендерсон, Лакруа, Геҳи, Ричардс, Камада (Девенни, 90+1), Уортон (Ҳюз, 62), Митчелл, Мунйос, Сарр (Нкетиа, 75), Пино (Лерма, 74), Матета
«Ливерпул»: Алиссон, ван Дейк, Конате (Фримпонг, 74), Керкез, Брэдли (Гакпо, 46), Макаллистер (Жонс, 65), Гравенберҳ, Собослаи, Вирц (Киеза, 74), Салоҳ, Исак (Нгумоҳа, 84)
Огоҳлантиришлар: Нкетиа, 78 – Конате, 26. ван Дейк, 61. Киеза, 77

«Ливерпул» бу мавсумда мухлисларини энг қийин вазиятлардан чиқиб кетишига ўргатиб қўйганди. Бу ўйинда ҳам ҳисоб 0:1 ҳолатида кўпчилик барчаси ўйин охирида ҳал бўлишини кутаётганди. Ўйин давомида Алиссон жуда кўп марта қутқарди ва интригани сақлаб турди. Лондонликлар барча жабҳаларда пешқадамдан устун эди: жами зарбалар (10:6), дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар (4:2), тўпни олиб қўйишлар (13:1) ва ҳатто муваффақиятли финтлар (4:2) бўйича ҳам.

Лекин 87-дақиқада шубҳали вазиятда Киеза ҳисобни тенглаштирди: тўп унга қўли билан ўйнаган Салоҳдан келди, VAR хонасидаги ҳакамлар эса бу қоидабузарликни кўришмади.

Шундан кейин «Кристал Пэлас» ҳам сўнгги дақиқалар қурбонига айланадигандек кўрина бошлади. Аммо лондонликлар нафақат ютқазмасликни, балки мавсум стартидаги беш ўйинда беш ғалабага эришган чемпионни уларнинг услубида нокаутга учратишни уддалади. Ўйинга қўшиб берилган еттинчи дақиқада мезбонлар аут ижросидан кейин меҳмонлар мудофаасини доғда қолдиришди ва Нкетиа яқин масофадан туриб тўпни дарвозага йўллади. Унга ассистни ёзги трансферларнинг охирги кунида «Ливерпул»га ўтиши амалга ошмай қолган ҳимоячи Марк Геҳи бергани драмани янада кучайтирди. Мавсумдаги илк мағлубиятдан кейин ҳам мерсисайдликлар турнир жадвалининг биринчи ўрнида қолишди, «Пелас» эса ҳозирча иккинчи ўринга кўтарилди.

Оливер Гласнер жамоаси қаторасига ўн саккиз ўйинда мағлуб бўлмаган ҳолда ўтган асрда ўрнатилган клуб рекордини такрорлади. Агар фақат АПЛ ўйинлари ҳисобга олинса, «бургутлар» ўз тарихида илк бор 12 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясини давом этмоқда ва бу мавсумда ҳам ҳали ютқазмаган ягона жамоа бўлиб қолмоқда.

«Манчестер Сити» – «Бёрнли» 5:1
Голлар:
Эстев, 12 – автогол (1:0). Энтони, 38 (1:1). Матеус Нунес, 61 (2:1). Эстев, 65 – автогол (3:1). Ҳоланд, 90 (4:1). Ҳоланд, 90+3 (5:1)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол (Аке, 70), О`Райли (Люис, 83), Матеус Нунес, Гонсалес, Рейндерс (Бернарду Силва, 83), Фоден, Доку, Савио (Бобб, 62), Ҳоланд
«Бёрнли»: Дубравка, Эстев, Экдал, Лоран, Ҳартман (Ҳамфрис, 88), Уокер, Флорентину, Каллен (Угочукву, 79), Энтони (Межбри, 88), Чауна (Брун Ларсен, 62), Фостер (Бройя, 80)
Огоҳлантиришлар: Фоден, 83 – Хартман, 27. Уокер, 30. Энтони, 63

«Манчестер Сити» эса «Бёрнли»ни сўнгги дақиқалардаги голлар эвазига йирик ҳисобда мағлуб этди. Ўйиннинг энг омадсиз футболчиси меҳмонлар ҳимоячиси Эстев бўлди — у икки бор ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. АПЛнинг бутун тарихида бундай ҳолат фақат олти бор кузатилган. Ўйиннинг энг яхши футболчиси мақомини эса қўшимча дақиқаларда дублни расмийлаштирган Ҳоланд илиб кетди. Эрлинг ўйин тақдирини ҳал қилмади, аммо турнир тарихидаги энг яхши норвегиялик тўпурарга айланиб олди. «Шаҳарликлар» форварди «МЮ»нинг собиқ ҳужумчиси Уле-Гуннар Сулшерни қувиб ўтиб, лигадаги голлари сонини 97 тага етказиб олиши учун 103 ўйин етарли бўлди.

«Челси» – «Брайтон» 1:3
Голлар:
Фернандес, 24 (1:0). Уэлбек, 77 (1:1). Де Кейпер, 90+2 (1:2). Уэлбек, 90+10 (1:3)
«Челси»: Санчес, Хато (Бадиашиле, 79), Чалоба, Кукуреля, Жеймс, Сантос (Ачимпонг, 54), Кайседо, Фернандес, Педру
Нету (Лавиа, 79), Эстеван (Гюсто, 63), Жоао Педро
«Брайтон»: Вербрюгген, Данк, ван Ҳекке, Ферди Кадиўғли, Велтман (Виффер, 55), Балеба (Груда, 67), Айяри, Гомес (Де Кейпер, 85), Митома (Уэлбек, 67), Минте, Рюттер (Цимас, 85)
Огоҳлантиришлар: Кукуреля, 42. Жеймс, 66. Бадиашиле, 89 – Велтман, 9. Виффер, 64. ван Ҳекке, 89. Данк, 90. Уэлбек, 90
Четлатиш: Чалоба, 53

Шу куни «Челси» ҳимоячиси Чалобанинг фаолиятидаги энг ёмон ўйинлардан бири бўлди. У майдондан четлатилган 53-дақиқага қадар кўклар жамоаси ҳисобда олдинда бораётган ва навбатдаги ғалабани расмийлаштиришига кўпчилик шубҳа қилмаётганди. Аммо «Стэмфорд Бриж» мезбонлари камчилик бўлиб қолгач, ҳисобдаги устунлигини сақлаб қололмади. Аввалига захирадан тушган Уэлбек мувозанатни тиклади, у Минтенинг ажойиб узатмасидан кейин дарвозабон ҳудудида турган ҳолда аниқ зарба бериши етарли эди. Ўйин охирида эса лондонликлар кучли босимга дош бера олмади. Қанотдан амалга оширилган яна бир ҳужум Виффер тўпни қулай позицияда турган Де Кайперга ташлаб бериши ва жароҳатдан тузалиб сафга қайтган ҳимоячи ғалаба голини уриши билан якунланди. «Челси» сардори Жеймснинг пеналти ишлашга уриниши бесамар кетганида, «Брайтон» прессинг билан тўпни олиб қўйди ва Уэлбек иккинчи голини урди. Энди охирги уч ўйинда атиги бир очко ишлаган Энцо Мареска шогирдлари турнир жадвалининг саккизинчи ўрнига тушиб кетди.

«Тоттенҳэм» – «Вулверҳэмптон» 1:1
Голлар:
С. Буэно, 54 (0:1). Палиня, 90+4 (1:1)
«Тоттенҳэм»: Викарио, Ромеро, ван де Вен, Удоджи (Тел, 84), Спенс (Порро, 63), Палиня, Бентанкур (Жонсон, 62), Бергвалл (Сарр, 78), Симонс (Одобер, 78), Қуддус, Ришарлисон
«Вулверҳэмптон»: Жонстон, С. Буэно, Крейчи, Доэрти (Агбаду, 46), Андре, Гомес (Беллегард, 64), У. Буэно, Мунетси, Ариас (Гомеш, 90+2), Ҳванг Хи Чҳанг (Чачуа, 46), Ларсен (Арокодаре, 84)
Огоҳлантиришлар: Симонс, 32. Бергвалл, 65. Палиня, 90 – Доэрти, 35. Гомес, 39

Кунинг охирги ўйинида «Тоттенҳэм» ҳам бошқа етакчи жамоаларга қўшилиб, турни омадсиз ўтказди. Шпорлар аутсайдер «Вулверҳэмптон»га қарши ўйиннинг асосий вақтида ҳисобда ортда борди. Лондонга сафарига қадар ҳисобида бирорта очко бўлмаган «бўрилар» Буэнонинг АПЛдаги илк голи эвазига уч очко билан қайтишга яқин эди. Аммо ўйинга қўшиб берилган тўртинчи дақиқада Сарр ва Жоау Палинянинг саъй-ҳаракатлари эвазига мезбонлар шармандаликдан қутулиб қолишди.

Испания: «сариқ субмариналар» кучли учликда

«Вилярреал»  «Атлетик» 1:0
Гол:
Молейро, 77 (1:0)
«Вилярреал»: Луис Жуниор, Марин, Вейга, Кардона, Моуринио, Партей (Парехо, 72), Гейе, Соломон (Молейро, 72), Ахомах (Бюкенен, 46), Микаутадзе (Олувасейи, 72), Пепе (Педраса, 90)
«Атлетик»: Симон, Вивиан, Ляпорт, Берчиче, Лекуэ, Руис де Галаррета (Весга, 67, Рего, 74), Хаурегисар, Сансет, Гомес (Наварро, 57), Иняки Уилямс (Саннади, 75), Гурусета (Аресо, 68)
Огоҳлантиришлар: Бюкенен, 83. Парехо, 90

Шанба кунги Мадрид дербиси Испанияда бошқа воқеаларни сояда қолдирди. Лекин шу куни «Вилярреал» ЕЧЛ йўлланмаси учун курашдаги асосий рақибларидан бири «Атлетик» билан орани очиқ қилди. Минимал ҳисобдаги ғалабадан кейин «сариқ субмариналар» учинчи ўринни мустаҳкамлади ва энг яқин таъқибчиси «Атлетико»ни тўрт очколик фарқ билан ортда қолдира бошлади. Шу билан бирга, Марселино Торал жамоаси натижани олдинроқ ҳал қилиши ҳам мумкин эди, аммо Пепе Бюкенен ташлаб берган тўпни бир неча метр масофадан туриб дарвоза тўрига кирита олмади. Молейро эса тўпга қандай мослашиш бўйича ивуарлик жамоадошига сабоқ берди ва тўп ноқулай келганига қарамай, уни устун ёнидан дарвоза тўрига киритди. «Вилярреал» учун навбатдаги синов, ЕЧЛ иккинчи тур ўйинидан кейин «Реал» майдонига сафар бўлади.

Италия: «Юве»да яна дуранг

«Ювентус» – «Аталанта» 1:1
Голлар:
Сулемана, 45+1 (0:1). Кабал, 78 (1:1)
«Ювентус»: Ди Грегорио, Бремер (Кабаль, 76), Келли, Гатти (Жоао Мариу, 64), Копмейнерс, Тюрам (Маккенни, 58), Камбиясо, Калюлю, Кенан Йилдиз, Аджич (Влаҳович, 58), Опенда (Жегрова, 64)
«Аталанта»: Карнесекки, Жимсити, Аханор, Коссуну, Пашалич, де Рон, Дзаппакоста, Белланова, Сулемана (Де Кетеларе, 61), Самарджич (Муса, 76), Крстович (Брешанини, 82)
Огоҳлантиришлар: де Рон, 32. Дзаппакоста, 87
Четлатиш: де Рон, 80 (иккинчи сариқ)

«Ювентус» «Интер» билан ўйиндаги феноменал ғалабадан (4:3) кейин қаторасига икки бор дуранг ўйнади. «Верона» майдонидаги дурангга аниқ очко йўқотиш деб қаралса, «Аталанта» билан ўйин натижасига аниқ баҳо бериш қийин. Бир томондан, бергамоликлар ҳужумкор жамоа ва Сулемананинг икки ҳимоячидан қочиб кетиб, бурчакни аниқ пойлагани меҳмонларнинг ягона голи бўлиб қолмаслиги ҳам мумкин эди. Шу билан бирга, Кабал ҳисобни тенглаштирганидан кейин «Кекса синиоралар» ғалабани илиб кетишга ҳам яқин келишди. Туринликлар ўйин охирида тўпга ва ҳудудларга эгалик қилишди, 80-дақиқада Де Рон иккинчи сариқ карточкани олганидан кейин сон жиҳатдан ҳам устунликка эга бўлишди. Аммо якуний штурмда Маккенни яқин позицияда туриб гол ура олмади ва ҳисоб ўзгармай қолди.

«Каляри» – «Интер» 0:2
Голлар:
Л. Мартинес, 9 (0:1). Ф. Эспозито, 82 (0:2)
«Каляри»: Каприле, Мина, Луперто, Зе Педру (Гаэтано, 58), Адопо, Дейола (Феличи, 58), Фолоруншо (Идрисси, 77), Оберт (Боррелли, 77), Пелестра, Белотти (Прати, 44), Себ. Эспозито
«Интер»: Х. Мартинес, де Врей, Бастони, Аканджи, Хакан Чалханоглу, Мхитарян, Барелла (Фраттези, 64), Карлос Аугусту (Димарко, 46), Луис Энрике (Дюмфрис, 72), Тюрам (Ф. Эспозито, 64), Л. Мартинес (Бонни, 89)
Огоҳлантиришлар: Карлос Аугусту, 45. Барелла, 59

Лаутаро Мартинес қаторасига уч турдан буён гол уролмаётганди. Аммо аргентиналик ҳужумчи бошланғич таркибга қайтиши биланоқ Бастонининг узатмасидан фойдаланиб, ҳисобни очди. Бу Мартинес учун А Серияда «Интер» учун урилган 117-гол бўлди ва у нерадзуррилар тарихидаги тўпурарлар рўйхатида Сандро Маццолани ортда қолдирган ҳолда бешинчи ўринга кўтарилди. Ундан юқорида фақат Жузеппе Меацца (197), Бенито Лоренци (138), Иштван Ниерш (133) ҳамда Алессандро Алтобелли (128) жойлашган. Ўйин охирида эса Кристин Киву ёшлар жамоасидан жалб этган Пио Эспозито чемпионатдаги илк голини нишонлади. Клуб тарбияланувчиси ҳисобланган, ўтган мавсумни «Специя»да ижара асосида ўтказган ёш ҳужумчини мураббий клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам синаб кўрганди ва у аста-секин асосий жамоа аъзосига айланиб бормоқда. Тюрам ўрнига туширилган 20 ёшли форвард Димарконинг узатмасини голга айлантирди.

Германия: Менҳенгладбаҳдаги ақлсизлик

«Майнц» – «Боруссия» Д 0:2
Голлар:
Свенссон, 27 (0:1). Адейеми, 40 (0:2)
«Майнц»: Центнер, Ҳанче-Ольсон (Рисс, 69), Ляйч (Белл, 63), да Коста, Сано, Амири (Мэлони, 80), Мвене, Видмер, Ли Жэ Сон (Норден, 63), Небел, Зиб (Вайпер, 80)
«Боруссия» Д: Кобел, Шлоттербек, Бенсебаини, Антон, Нмеча (Беллингҳем, 77), Забитцер (Грос, 77), Свенссон, Коуту (Рюэрсон, 69), Брандт, Адейеми (Чуквуэмека, 68), Байер (Силва, 87)
Огоҳлантиришлар: Амири, 50. Небел, 90 – Коуту, 43
Четлатиш: Центнер, 67

«Боруссия» тезкор гол ўтказиб юбориши мумкин эди, аммо мезбонлар ҳужуми тўп дарвоза устунига тегиши билан якунланди, жавоб ҳужумида эса ҳисоб очилди. Байер ўнг қанотга тўпни узатди, Брандт ҳимоячи Свенсонни голли пас билан таъминлади. Иккинчи голли ҳужумда эса асосий ролни майдоннинг иккинчи қисмидан ажойиб рейд уюштирган Адейеми бажарди. У тўпни ҳимоячи ёнидан чиройли тарзда ўтказиб юборди ва уни айланиб ўтди, шундан сўнг жарима майдони олдида Брандт билан девор услубида ўйнаб, тўпни қайта қабул қилиб олгач, бурчакни аниқ нишонга олди. Дортмундликлар бундеслигада кетма-кет ўнта ўйинда танаффусга ғолиб ҳолда йўл олган биринчи жамоа сифатида тарихга кирди.

«Волфсбург» – РБ «Лейпциг» 0:1
Голлар:
Бакайоко, 8 (0:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Баумгартнер, 90’
«Волфсбург»: Грабара, Кулиеракис, Йенц, Меле, Фишер (Майер, 90+1), Соуза (Центер, 90+1), Арнолд, Сванберг (Эриксен, 70), Виммер (Дагим, 46), Амура, Винн (Пейчинович, 70)
РБ «Лейпциг»: Гулачи, Орбан, Люкеба, Раум, Баку, Зайвалд, Уэдраого (Банзузи, 64), Баумгартнер (Кампль, 90+3), Диоманде (Нуса, 79), Бакайоко (Вернер, 90+3), Ромуло (Ҳардер, 79)
Огоҳлантиришлар: Арнолд, 58. Кулиеракис, 90 – Диоманде, 24. Орбан, 45

«Бавария»ни «Боруссия»дан ташқари «Лейпциг» ҳам таъқиб этмоқда, ушбу жамоа янги мавсумни амалдаги чемпиондан 0:6 ҳисобидаги йирик мағлубият билан бошлаганди, лекин тезда ўзига келиб қаторасига тўрт ўйинда ғалаба қозонди. Навбатдаги турда эса «Волфсбург» майдонига сафар қилган «ҳўкизлар» илк дақиқаларданоқ устунлик қилди ва биринчи голи офсайд туфайли бекор қилинган бўлса-да, кейинги ҳужумдаёқ ҳисобни очди. Бакайоко жарима майдони чизиғи олдида туриб яқин бурчакни аниқ нишонга олди ва мавсумдаги голлари сонини учтага етказди. Бу гол уч очко учун етарли бўлиб чиқди, меҳмонлар ўйин охирида ҳисобдаги фарқни ошириши ҳам мумкин эди, аммо Баумгартнер пеналтидан фойдалана олмади.

«Санкт-Паули» – «Байер» 1:2
Голлар:
Тапсоба, 25 (0:1). Вал, 32 (1:1). Поку, 58 (1:2)
«Санкт-Паули»: Васил, Смит, Рицка (Жвигала, 68), Вал, Сэндс, Фудзита (Меткалф, 80), Оппи, Салиакас (Сисей, 87), Синани, Унтонджи (Карс, 68), Перейра Лаж (Афолаян, 81)
«Байер»: Флеккен, Баде, Тапсоба, Куанса, Андрих (Фернандес, 46), Гарсия, Грималдо, Тап (Васкес, 56), Тиллман (Ҳофманн, 75), Бен Сегир (Поку, 56), Шик (Кофане, 89)
Огоҳлантиришлар: Фудзита, 50. Смит, 86. Сисей, 90 – Куанса, 21. Васкес, 60. Баде, 90. Фернандес, 90. Кофане, 90

«Байер» эса Ҳамбургда ҳам қийналди, фақат биринчи бўлим ўрталарида ҳимоячидан ўзига келиб қолган тўпни дарвозага аниқ йўналтирган Тапсоба ҳисобни очди. Аммо кўп ўтмай дарвозабон Флеккен леверкузенликларни уялтирди, у тўпга чиқишда ишончсиз ҳаракат қилиб, тўпни қўлидан чиқариб юборди, Вал эса қайчи услубидаги зарбаси билан ҳисобни тенглаштирди. Даниялик дарвозабон ўйин охирида айбини ювди ва хавфли жарима зарбасини бартараф этиб, «аспиринчилар» учун ғалабали ҳисобни сақлаб қолди. Бунгача эса меҳмонлар устози Каспер Юлманнинг иккинчи бўлимдаги алмаштиришлари иш берган ва Поку майдонга тушганига икки дақиқа ўтмасдан Грималдонинг узатмасини голга айлантирганди.

«Боруссия» – «Айнтрахт» Ф 4:6
Голлар:
Кох, 11 (0:1). Кнауфф, 15 (0:2). Буркардт, 35 (0:3). Шаиби, 39 (0:4). Узун, 45+1 (0:5). Кох, 47 (0:6). Кастроп, 72 (1:6). Табакович, 78 (2:6). Энгелҳардт, 83 (3:6). Ранос, 90+9 (4:6)
«Боруссия» М: Николас, Элведи, Кяродиа (Нойҳаус, 38), Дикс, Энгелҳардт, Райц (Нец, 61), Ульрих (Ранос, 82), Скалли, Штегер (Табакович, 38), Кастроп, Матино (Зандер, 61)
«Айнтрахт» Ф: Сантос, Теат, Кох, Браун (Аменда, 78), Коллинз (Бута, 57), Шаиби, Схири, Узун (Гетце, 57), Кнауфф, Доан (Ҳойлунд, 71), Буркардт (Вахи, 71)
Огоҳлантиришлар: Дикс, 90 – Аменда, 90. Кнауфф, 90

Шанба кунги дастурнинг охирги ўйинида қизиқ ҳолат кузатилди. Менҳенгладбаҳликлар 72-дақиқадан кейин тўртта гол уришди, охирги икки гол қўшимча дақиқаларда киритилди, лекин бу мағлубиятдан қутулиш учун ҳам етарли бўлмади. Чунки Гладбаҳдаги ўйиннинг биринчи бўлимидаёқ масала ҳал қилиб бўлган ва «Айнтрахт» танаффусгача бешта жавобсиз гол урган, иккинчи бўлим бошида ҳисобдаги фарқни олтитага етказганди. Ўтган турда «Унион»дан 3:4 ҳисобида мағлуб бўлган меҳмонлар бор аламини кейинги рақибдан олишди - 6:4. Франкфурт жамоаси энди «Байер»дан ўзиб кетиб, камида якшанба кунги ўйинлар якунларигача кучли тўртликка кириб олди.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид