Спорт | 08:49 / 28.09.2025
12573
7 дақиқада ўқилади

«Реал» дербида 5 та гол ўтказиб ютқазди

Мавсумни ғалабали серия билан бошлаган Алонсо илк жиддий синовдан ўта олмади, мавсум бошида муваффақиятсизликка учраган Симеоне эса ўзини ҳисобдан чиқаришга ҳали эрта эканини исботлади.

Фото: Angel Martinez/Getty Images

«Атлетико» – «Реал» 5:2
Голлар:
Ле Норман, 14 (1:0). Мбаппе, 25 (1:1). Арда Гулер, 36 (1:2). Серлот, 45+3 (2:2). Алварес, 51 – пеналти (3:2). Алварес, 63 (4:2). Гризманн, 90+3 (5:2)
«Атлетико»: Облак, Лангле, Ле Норман, Ганцко (Галан, 83), Лиоренте, Коке, Барриос, Гонсалес (Гризманн, 83), Симеоне (Молина, 90+2), Сёрлот (Галлаҳер, 67), Алварес (Баэна, 90+2)
«Реал»: Куртуа, Эдер Милитау (Раул Асенсио, 46), Ҳаусен (Гарсия, 89), Каррерас, Карваҳал (Камавинга, 59), Валверде, Тшуамени, Винисиус Жуниор, Арда Гулер (Мастантуоно, 59), Беллингҳэм (Родригу, 70), Мбаппе
Огоҳлантиришлар: Сёрлот, 22. Гонсалес, 40. Лангле, 56. Симеоне, 82. Галлаҳер, 90 – Арда Гулер, 50. Раул Асенсио, 58. Каррерас, 62. Мастантуоно, 90

«Реал» Ла Лига стартидаги олти турда максимум натижага эришди. Еттинчисида Мадрид дербисидаги жиддий синов кутаётганди. «Атлетико» эса, аксинча, мавсум стартида муваффақиятсизликка учраб, турнир жадвалида тўққизинчи ўринда жойлашганди. Аммо муҳим нюанс бор эди: «Реал» «Метрополитано» ўйингоҳида 2022 йил сентябридан буён ғалаба қозона олмаётганди. Якунда бу серия давом этди, ўйиндан олдин имконияти паст баҳоланган мезбонлар ўйиннинг катта қисмида устунлик қилишди ва йирик ҳисобдаги ғалабага эришишди.

Ҳаби Алонсо шу куни клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан буён илк бор Беллингҳэмни бошланғич таркибга киритди, шу туфайли Гулер ўнг қанотга туширилди, Мастантуоно эса захира ўриндиғида қолдирилди. Ёзги трансферлар вақтида таркиби жиддий ўзгарган (саккиз нафар янги футболчи харид қилинди, ўтган ёзда еттита трансфер амалга оширилганди) «Атлетико» аста-секин ўйинини топиб бораётганини кўрсатди ва ўйинни рақибга нисбатан фаолроқ бошлади. Алварес қаршисида икки футболчи турганига қарамай, ҳужум уюштирди ва бурчак зарбаси ишлади. Сёрлот эса Куртуа билан яккама-якка вазиятга чиқиб кетишига бир бахя қолди – фақат тўпга зарба бериш ўрнига оёғи остига ташланган Милитаонинг оёғини тепди (бразилиялик ҳимоячини танаффусда алмаштиришга тўғри келди). Кейинроқ норвегиялик ҳужумчи бошда йўллаган зарба тўсин остига бораётганида дарвозабон қутқарди. 14-дақиқада эса босим голга олиб келди. Жулиано Симеоне ўнг қанотдан узатма берди, Ле Норман Тшуаменидан илдамроқ ҳаракат қилиб, бошда аниқ зарба берди.

«Реал» эса биринчи бўлим ўрталаригача ҳужумда ҳеч нарсага эриша олмади. 23-дақиқага келиб зарбалар бўйича устунлик мезбонлар фойдасига 4:0 (учтаси – дарвоза соҳасига тўғри борган), бурчак зарбалари бўйича 3:0 кўринишида эди – мезбонларнинг устунлиги яққол эди. Жулиано ва Сёрлотда яна вазиятлар бўлди, аммо Куртуа яна ўзини кўрсатди. Кейин эса «Реал» илк жиддий ҳужумида ҳисобни тенглаштирди: Мбаппе тўпни ўнг қанотдаги Гулерга оширди ва жарима майдонида ўзини таклиф қилди, туркиялик яримҳимоячининг ҳимоячилар орасидан ўтказиб берилган пасидан кейин олис бурчакни аниқ нишонга олди.

Шундан кейин ўйин қарама-қарши курсларда кеча бошлади. 37-дақиқада Ле Норман майдон марказида тўпни йўқотди. Мбаппе бундан фойдаланди ва тўпни чап қанотдаги Винисиусга узатди. У финт ишлатиб, икки рақибни ортда қолдирди ва тўпни жарима майдони марказига етказди, у ерда бўш қолдирилган Гулер дарвозани ишғол қилди. Ардада 1+1, ҳисоб бўйича – 2:1 — меҳмонлар ўйини чиқмаганда ҳам индивидуал ижрочилар эвазига мақсадга эриша оладигандек кўрина бошлади. Аммо ҳали ҳаммаси олдинда эди.

Жавоб ҳужумида Алвареснинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси устунни тенглаштирди, бўлим охирларида эса бурчак зарбасидан кейин Лангле дарвозани ишғол этди. Аммо VAR вазиятга аралашди ва гол Марадона услубида урилганини аниқлаб, уни бекор қилди.

Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда эса Сёрлот барибир ўз мақсадига эришди ва унинг голини бекор қилиш учун ҳеч қандай сабаб топилмади: Коке аутдан кейин тўпни ҳаволатиб жарима майдони марказига етказди, у ерда Сёрлот Ҳаусендан баландроқ сакради. Биринчи бўлимнинг ўзида ҳисоб 2:2 кўринишини олди.

«Реал» ушбу жамоага қарши ўйинларда «иккинчи қават» муаммосини ҳал қила олмаяпти: «матрасчилар» ла лига доирасидаги дербиларда сўнгги ўн голидан саккизтасини бош билан уришган. Сёрлот эса испан грандлари учун ҳақиқий даҳшатли тушга айланган. Скандинав ҳужумчи «Реал» ва «Барселона»га қарши ўн тўрт ўйинда 11 марта дарвозаларни ишғол этган. У статистикасини янада яхшилаши мумкин эди, аммо Куртуа бунга йўл қўймади.

Бу вақтга келиб ҳисоб «Атлетико» фойдасига ўзгариб бўлганди. Танаффусда Алонсо Милитаони майдондан олиб, Асенсиони туширди. Лекин «Атлетико»нинг жарима майдонига ҳар қандай узатмаси хавфли вазиятга айланаверди. Шундай вазиятлардан бирида Гулер ҳаводаги тўпни узоқлаштиришга уриниб, Гонсалеснинг юзига тепиб юборди ва жамоаси дарвозасига пеналти қўйилишига сабабчи бўлди. Алварес эса 11 метрдан қайтариб бўлмас зарба йўллади.

«Атлетико» олдинга ташланишда давом этди. Алварес тўпурарлик таёқчасини Сёрлотдан қабул қилиб олмоқчи эканини кўрсатди. Ўтган турда «Райо Валекано» дарвозасига ҳет-трик қайд этган аргентиналик ҳужумчи Мадрид дербисида дублни расмийлаштирди. Унинг иккинчи голи жарима зарбасидан тўпни жонли девор устидан ошириб, яқин бурчакка аниқ йўналтириш орқали урилди.

Алонсо Карваҳал ва Гулер ўрнига Камавинга ва Мастантуонони майдонга тушириб, уч марказий ҳимоячи билан ўйнай бошлади. Лекин бу иш бермади. Шу куни майдонда йўқолиб қолган Беллингҳэм ўрнига Родригонинг тушиши ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмади.

«Атлетико» ҳисобдаги устунликни хотиржамлик билан ушлаб турди ва ўйин охирида захирадан тушган футболчиларнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳисоб янада йириклаштирилди. Қўшимча дақиқаларда Баэна қизғанчиқлик қилмади ва Гризманни яккама-якка вазиятга чиқариб юборди, франциялик ҳужумчи мавсумдаги биринчи голи билан ҳисобни 5:2 кўринишига етказиб қўйди. «Реал» 75 йилдан буён илк марта «Атлетико»дан бешта гол ўтказиб юборди. Мавсум стартидаги муваффақиятсизликлардан кейин танқидлар остида қолган Симеоне бир ҳафта ичидаги икки ғалаба билан ўзини оқлади ва ўзини ҳисобдан чиқаришга ҳали эрта эканини кўрсатиб қўйди.

«Метрополитано»да уч йилдан буён ғалаба қозона олмаётган «Реал» ҳали идеал ҳолатга келмагани кўриниб қолди, Алонсонинг илк мағлубияти жуда оғриқли кўринишда бўлди.

«Барселона» эса бугун ўз уйида «Реал Соседад»ни мағлуб этса, турнир жадвалида биринчи ўринга чиқиб олиши мумкин.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид