Жамият | 12:04 / 29.09.2025
14567
2 дақиқада ўқилади

Чинозда йўл-патрул хизмати ходими ЙТҲ содир қилгани айтилмоқда 

Чиноз тумани ҳудудида қувиб ўтиш қоидасини бузган Cobalt йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетиб, Gentra билан тўқнашган. Оқибатда Gentra ҳайдовчиси ҳалок бўлган. Cobalt’ни йўл-патрул хизмати ходими давлат рақамини ечиб қўйган ҳолда катта тезликда бошқаргани айтилмоқда. 

Фото: Kun.uz 

Ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходими иштирокида ЙТҲ содир бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритди.

Маълум бўлишича, ЙТҲ 2025 йил 12 август куни соат 5:30 лар атрофида М-39 автомобил йўлининг Чиноз тумани ҳудудидан ўтган қисмида содир бўлган. 1987 йилда туғилган Файзулла Убайдуллаев бошқарувидаги Gentra машинасига йўлнинг қарама-қарши йўналишига чиқиб кетган Cobalt келиб урилган. Оқибатда Файзулла Убайдуллаев оғир тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.

Машинада Файзулла Убайдуллаевнинг турмуш ўртоғи ва 3 нафар фарзанди ҳам бўлган. Улар Самарқанд шаҳрига саёҳатга бориш мақсадида эрта тонгда йўлга чиқишган. ЙТҲда ҳайдовчининг икки қизи ҳамда турмуш ўртоғи ҳам тан жароҳати олган.   

Марҳумнинг яқинларига кўра, Cobalt’ни йўл-патрул хизмати ходими бошқариб келаётган бўлган.

Ходим Даврон Йўлдошев машинани давлат рақамини ечиб олган ҳолда катта тезликда бошқарган. У ўз йўналишидаги машинани нотўғри қувиб ўтиши оқибатида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган ва акамнинг машинасига келиб урилган. Сўнгра 10-15 дақиқада етиб келган давлат рақами ечиб олинган Damas машинасига ўтириб, ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойидан қочиб кетган. Ўзи ЙПХ ходими бўла туриб, бир вақтнинг ўзида шунча қоидабузарлик содир қилиши мумкинми?” дейди марҳумнинг Kun.uz журналисти билан суҳбатлашган укаси. 

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид