Ўзбекистон | 08:47 / 29.09.2025
33856
2 дақиқада ўқилади

Исмоил Жўрабеков вафот этди

У 1990-йилларда ва 2000-йиллар бошида аграр соҳада юқори лавозимларда ишлаган, хусусан, қишлоқ хўжалиги вазири ва президент маслаҳатчиси бўлган.

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор, сув хўжалиги соҳасининг мутахассиси Исмоил Жўрабеков 28 сентябр куни 94 ёшда вафот этди. Бу ҳақдаги маълумотни Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбалари тасдиқлади.

 

Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд вилоятида туғилган. У узоқ йиллар давомида республика мелиорация ва сув хўжалиги вазири, Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раиси ўринбосари каби лавозимларда ишлаган.

Мустақилликнинг илк йилларида агросаноат соҳасини бошқарган, фуқаро муҳофазаси ишлари бўйича вазир бўлган, 1994–1998 йилларда бош вазир ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган, 2000–2004 йилларда эса Ўзбекистон президентининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимларида фаолият юритган.

Фаолиятидаги узоқ йиллик танаффусдан кейин 2021 йилда сув хўжалиги вазири маслаҳатчиси сифатида давлат ишига қайтганди.

У «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи» фахрий унвонлари ҳамда «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати», «Буюк хизматлари учун», «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид