1990 йилларда давлат агросаноатини бошқарган, 1994-1998 йилларда қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган, 2000-2004 йилларда эса Ўзбекистон президентининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимларида фаолият юритган Исмоил Жўрабеков Ўзбекистон ва Афғонистонни боғлаб турувчи кўприк ҳақидаги ўз хотиралари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда ЎзА ёзяпти.

Исмоил Жўрабеков

Қуйида унинг хотиралари тақдим этилади:

Бу воқеани асло унутмайман. Чунки мен учун энг даҳшатли ва айни пайтда энг қувончли хотирага айланган. Даҳшатли дейишимнинг боиси, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти марҳум Ислом Каримовнинг буйруғини бажармаганим эди.

Хотирам панд бермаган бўлса, ўша куни эрталаб эди. Ислом Каримов ҳузурига чақириб, Амударё устига қурилган кўприк устида бўлаётган аянчли вазиятни қисқача тушунтирди-да, махсус тузилган комиссияга раҳбар этиб тайинланганимни, ҳозироқ воқеа юз берган жойга етиб бориб, кўприкни эгаллаб олган афғонистонликлардан тозалашимни ва уни дарҳол портлатиб юборишимни қаттиқ тайинладилар.

Бу пайт мен Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлар эдим. Ростини айтсам, ўша пайтда кўприк устидаги вазият ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган ҳолатимда бундай муҳим топшириқни менга ишониб топширгани учун хурсанд бўлдим. Ахир не-не генераллар, вазирлар ва бошқа юқори лавозимли шахслар бор эди-да.

Комиссияга кимлар киритилганини билгач, “бажараман!” дея йўлга тушдим. Кўприк тўғрисида анча маълумотга эга эдим. У собиқ Совет иттифоқининг Ўрта Осиёдаги энг катта ва қурилиши салкам тўрт йил давом этган улкан иншоотлардан бири эди. 1970 йилларда қурилиши бошланган бўлса, 1974 йилга келиб фойдаланишга топширилган.

Мазкур кўприк орқали нафақат қўшни республикаларнинг, балки бутун Европа мамлакатларининг Афғонистон халқига кўрсатиладиган инсонпарварлик ёрдамлари: озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечаклар ортилган транспорт воситалари ўта бошлаган эди.

Шунинг учун ҳам стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим объект саналарди. Бизнинг аскарлар томонидан жиддий қўриқланарди. Боиси афғон юртида фуқаролик урушлари тўхтамаган, ҳар хил гуруҳлар, тўдалар пайдо бўлиб, ҳокимият учун кураш олиб борар, бунинг оқибатида оддий одамлар жабр-ситам кўрарди.