Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ёзувчи Тўлқин Эшбекнинг «Катта карвон йўлдан адашмас ёхуд Биринчи Президентимизнинг суянган тоғлари» сарлавҳали мақоласи UzA сайтида эълон қилинди.

Мақолада давлат ва жамоат арбоблари, Исмоил Жўрабеков ва Бўритош Шодиева, шунингдек ижтимоий тармоқларда бу шахсларнинг фаолиятига оид муқаддам эълон қилинган мақолалар ҳақида сўз юритилади.

Ғоят улкан, залворли карвон!

Мустақиллигимиз асосчиси дея эътироф этилган Биринчи Президентимиз Ислом Каримов бу карвонга роппа-роса 27 йил сарбонлик қилди. Дастлабки давр – 1989-1991 йиллар бениҳоя оғир ва хатарли дамлар эди. Собиқ иттифоқда ҳеч бир республика раҳбари ўзи билганича ёки хоҳлаганича сиёсат юргизиши мумкин эмасди. Карвоннинг жилови Москвада эди…

Шундай оғир ва мураккаб замонда Ислом Абдуғаневич жуда катта жасорат ва сиёсий маҳорат билан Ўзбекистонни истиқлол сари бошлаб келди. 

Шу ўринда иккита мулоҳаза.

Биринчиси, раҳматли Шароф Рашидовдан кейин Ўзбекистон анча йиллар раҳбарга ёлчимай қолганини кўриб, азият чеккан эдик. Худо кўрсатмасин, ўша таҳликали ўтиш йилларида кунимиз номуносиб кимсаларга қолганида бормиди… Бундай мустақил давлат, дориломон ҳаётни тушимизда ҳам кўрмасмидик…

Иккинчиси, Ўзбекистонни истиқлол сари бошлашдек ғоят залворли ишни биргина шахс билан боғламаслигимиз керак. Битта шахс ҳамма муаммони ёлғиз ўзи ҳал этолмаслиги кундай равшан. Республика етакчиси бўлган Ислом Каримов атрофида, қолаверса, Қорақалпоғистондан тортиб барча вилоятларда юзлаб раҳбар-кадрлар, мутасаддилар, депутатлар, зиёлилар, ёзувчи-шоирлар ҳам енг шимариб курашганларини яхши биламиз. Фақат, мустабид тузум давридан қолган ақида: жамиятдаги барча ислоҳотлар, бунёдкорлик ва бошқа ютуқларни биринчи шахс номи билан улуғлаб гапириш «одати» қолмаганди.

Демак, ҳаёт ҳақиқати шу: барча муваффақиятларни ҳам, хато-камчиликларни ҳам битта шахс номи билан боғламаслигимиз керак.

Истиқлолга эришгач, фахрлансак арзийдиган ютуқларимиз кўпайиб борарди. Фақат, бу бунёдкор халқимизнинг меҳнатлари эвазига бўлаётганини, ҳар бир соҳа етакчисининг улуши, ҳиссаси қай даражада бўлаётганини айтиш «одати» йўқ эди.

Айтайлик, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда Исмоил Жўрабековнинг хизматлари қанчалик улканлигини яхши билардик. Оддий одамлар орасида у киши ҳақида «Президентнинг энг ишонган кадри» деган фикр юрарди. Бироқ, бу улуғ сиймони ибрат қилиб кўрсатадиган бирор очерк ёки мақола ёзилганини билмайман.