Ўзбекистон | 22:59 / 30.09.2025
8087
4 дақиқада ўқилади

Бўзсув каналидаги рангли сув ва болафуруш ҳамшира – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қашқадарёда 1,5 млрд куб метр ҳажмдаги ерости газ сақлаш омбори қурилади

Қашқадарё вилояти Косон туманида газни ер остида сақлаш иншооти (ГЕСИ) қурилади. Энергетика вазирлиги ва Хитойнинг China National Petroleum Corporation ўртасида газни ер остида сақлаш иншоотини барпо этишда дастлабки тадқиқот ишларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Иншоот «Қорабайир» кони негизида қурилади. Унда 1 млрд 500 млн куб метр ҳажмдаги актив табиий газни сақлаш имконияти яратилади.

Тошкент вилоятида Бўзсув каналига оқизилаётган рангли оқова сувлар бўйича жиноят иши очилди

Бўзсув каналининг ифлосланиши ҳолати бўйича Бош прокуратура томонидан «Тошкент сув таъминоти» корхонасига нисбатан жиноят иши очилди.

Ҳозир Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Тергов версиясига кўра, «Тошкент сув таъминоти» ифлослантирувчи моддаларни ташлайдиган саноат корхоналари билан шартномалар тузган, лаборатория ўлчовларини ўтказган ва кимёвий чиқиндиларни канализация тармоғига расман қабул қилган. Шу билан бирга, амалдаги меъёрлар кимёвий оқова сувларни канализация тизимига қабул қилишни тақиқлайди. Жиноят иши доирасида 70 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари текширилган.

Қурилиш корхоналари шартномани бекор қилган мижозлардан ноқонуний жарима ундираётгани аниқланди

Айрим қурилиш корхоналари мижозлар билан имзоланган шартномаларга қонунчиликка зид бандлар киритаётгани аниқланди, деб хабар берди Рақобат қўмитаси.

Хусусан, шартнома шартларида «агар истеъмолчи ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилса, қурилиш ташкилоти истеъмолчи томонидан тўланган маблағнинг ёки шартнома қийматининг 10 фоизи миқдоридаги суммани жарима сифатида ушлаб қолиш ҳуқуқига эга» деб белгиланган.

Рақобат қўмитаси бундай талаб қонун меъёрларига зид эканини маълум қилди.

Дарахтзорларнинг ноқонуний кесилиши космик мониторинг орқали аниқланади

Президент фармонига кўра, 2026 йилдан бошлаб, космик технологиялар имкониятидан келиб чиққан ҳолда дарахтзорларнинг ноқонуний кесилишини космик мониторинг орқали аниқлаш йўлга қўйилади.

Энергетика вазирлиги томонидан агентлик билан биргаликда агентлик имкониятларидан фойдаланган ҳолда, «яшил» энергетикани ривожлантириш мақсадида 2026 йил 1 октябргача Сурхондарё вилоятида қуёш панелларини жойлаштириш ва юқори самарадорликка эришиш имконияти мавжуд бўлган майдонлар аниқланади.

Транспорт вазирлиги томонидан темирйўллар ҳолатини тезкор назорат қилишга ўтиш мақсадида, агентлик имкониятларидан фойдаланган ҳолда 2026 йил 1 октябргача Тошкент–Ангрен йўналишидаги темирйўлда аэрокосмик мониторинг амалга оширилади.

Самарқандда ҳамшира туғуруқхонадан чақалоқ ўғирлади ва сотиб юборди

Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани марказий шифохонаси туғуруқхона бўлими ҳамшираси руҳий носоғлом аёлнинг 3 кунлик қиз фарзандини алдов йўли билан ўғирлади.

Сўнгра болани 5 млн сўм ва 100 АҚШ долларига сотиб, пулни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборди. Суд ҳукми билан ҳамшира 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. 

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид