Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда БМТ институтлари билан бирга 166 та лойиҳа амалга оширилмоқда
Мисрнинг Sada al Balad ахборот агентлиги "Ўзбекистон – БМТ: барқарор тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик" сарлавҳали мақолани эълон қилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ню-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тадбирларида иштирок этаётгани ҳамда Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги ҳақида таъкидланган.
Ўзбекистон 1992 йил 2 мартда БМТга тўла ҳуқуқли аъзо бўлди. Бу қадам ёш мустақил республика нафақат барча халқаро жараёнларда фаол иштирок этишга, балки ўз ташқи сиёсатини халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомига ҳурмат тамойилларига асослашга тайёр эканлигининг асосий тасдиғи бўлди.
Ўшандан бери ўттиз йилдан кўпроқ вақт ўтди ва шу давр ичида Тошкент таклифлари халқаро майдонда кенг акс садо бераётган фаол глобал ташаббуслардан бирига айланди.
"БМТдаги иштирок Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг суверенитети халқаро ҳамжамият томонидан тан олинишини таъминлаш, барча давлатлар билан тенг ҳуқуқли мулоқот учун замин яратишда муҳим омил бўляпти, – дейилган мақолада. – 1993 йилда Тошкентда БМТ ваколатхонасининг очилиши ҳамкорликнинг узоқ муддатли характерини мустаҳкамлаган яна бир муҳим воқеа сифатида тарихга кирди".
Таъкидланишича, Ўзбекистон минтақада биринчилардан бўлиб БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)ни миллий стратегик ҳужжатларга киритди. 2018 йилда БРМ бўйича миллий мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди, 2020 йилга келиб эса мамлакат шароитларига мослаштирилган 125 та кўрсаткичдан иборат кенг қамровли миллий рўйхат тасдиқланди. Жорий йилда Ўзбекистон БРМ глобал индексида 19 поғонага кўтарилди ва дунёдаги энг тез ривожланаётган бешта давлат қаторига кириб, минтақада етакчига айланди.
"2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ва 2030 йилга қадар миллий ривожланиш концепциясида БМТнинг камбағалликка барҳам бериш, сифатли таълим, гендер тенглиги, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни бошқариш ва рақамли трансформация каби глобал мақсадларига мос келадиган устувор вазифалар белгиланган", – дея урғуланган материалда.
Миср ОАВ, шунингдек, БМТ агентликлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон бир қатор амалий натижаларга эришгани ҳақида ёзган. Хусусан, 2022-2024 йилларда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 8,9 фоизга тушиб, минтақадаги энг динамик кўрсаткичлардан бирига айланди. ЮНИCЕФ, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан қўллаб-қувватланган Ижтимоий тўловларнинг ягона реестрининг жорий этилиши аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қамраб олиш даражасини икки баравар, яъни 600 мингдан 1,2 миллион кишига оширди.
"Айни пайтда Ўзбекистонда БМТнинг кўплаб агентликлари, жумладан, БМТТД, ЮНИCЕФ, ФАО, ХМТ, ЮНЕСКО, Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси ва бошқалар фаолият юритмоқда. Улар биргаликда 2021–2025 йилларга мўлжалланган Барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик асослари доирасида умумий қиймати 293 миллион доллардан ортиқ бўлган 166 та лойиҳани амалга оширяпти", – деб ёзган Sada al Balad.
Мавзуга оид
18:54 / 06.12.2025
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилади
12:51 / 05.12.2025
«Ҳақиқат бўлишига жуда кучли асослар бор» – БМТ бош котиби Ғазодаги уруш жиноятлари ҳақида
08:04 / 04.12.2025
АҚШ БМТнинг украиналик болаларни қайтариш тўғрисидаги резолюциясини қўллаб-қувватлади
22:51 / 27.11.2025