Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ россиялик дипломатларнинг Европа бўйлаб сафарларини чеклаши мумкин
EUobserver маълумотларига кўра, Россия дипломатик миссияси ходимларининг Европа Иттифоқи давлатлари ичида ҳаракатланишини чеклаш таклифи 19-санкция пакетига киритилиши мумкин.
Фото: Iolanda Paz/DW
Брюссел Россия дипломатик миссияси ходимларининг Европа Иттифоқи ҳудудида ҳаракатланиши устидан назоратни кучайтиришни таклиф қилмоқда. Бундай чоралар Россияга қарши 19-санкция пакетига киритилиши мумкин. Бу ҳақда 29 сентябр, душанба куни муҳокама қилинаётган лойиҳага таяниб, EUobserver хабар берди.
Таклиф этилаётган янги қоидаларга кўра, россиялик дипломатлар чегарани кесиб ўтишдан «камида 24 соат» олдин ўзи ташриф буюришни режалаштираётган Европа Иттифоқи давлатлари расмийларини ва ўз манзилига ўтиш йўли ҳақида хабардор қилиши шарт. Бундан ташқари, улар сафар учун тўлиқ автомобил маълумотларини, шунингдек, ўтадиган чегара ўтиш жойларини ва сафар саналарини тақдим этиши керак. Самолёт, поезд ёки автобусда сафар қилишда дипломатлар ташувчининг номини, маршрут кодини ёки эквивалентини кўрсатиши талаб қилинади.
Бундан ташқари, дипломатларнинг сўровларини кўриб чиққандан сўнг, ҳар қандай Европа Иттифоқи давлати тушунтиришсиз киришни рад этиш ёки сафарга рухсат бериш учун қўшимча шартлар қўйиш ҳуқуқига эга бўлади, дейилади таклифда. Янги қоидалар нафақат дипломатларга, балки дипломатик ваколатхоналарнинг маъмурий-техник ходимларига ва уларнинг оила аъзоларига ҳам тааллуқлидир.