Спорт | 12:28 / 02.10.2025
12907
16 дақиқада ўқилади

«Барса» ютқазди, «Сити» очко йўқотди. ЕЧЛда 2-тур ўйинлари

«Арсенал» греклардан қасос олди, Ҳоланд рекорд ўрнатишда, «Қорабоғ» сенсация кўрсатишда давом этмоқда. Чоршанба оқшомида Чемпионлар лигасининг иккинчи тури доирасидаги асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Мендеш яна Ямалга ўйин бермади

«Барселона» – «ПСЖ» 1:2
Голлар:
Торрес, 19 (1:0). Маюлу, 38 (1:1). Рамуш, 90 (1:2)
«Барселона»: Шченсни, Кубарси, Гарсия (Кристенсен, 86), Мартин (Балде, 72), Кунде, Педри (Бернал, 79), де Йонг, Олмо (Касадо, 72), Рэшфорд (Левандовски, 72), Ямал, Торрес
«ПСЖ»: Шевале, Забарний, Пачо, Нуну Мендеш, Ҳакими, Витиня, Заир-Эмери, Руис (Рамуш, 72), Барколя (Ли Кан Ин, 80), Мбай (Эрнандез, 65), Маюлу (Нджанту, 80)
Огоҳлантиришлар: де Йонг, 32. Олмо, 57. Касадо, 78. Ямал, 90 – Нуну Мендеш, 44. Ҳакими, 87

«Барселона» ва «ПСЖ» сўнгги вақтларда бир-бирининг майдонида энг яхши ўйинларини кўрсатмоқда. Париждаги сўнгги ўйинда каталонияликлар ғалабага эришганди. Французлар эса «Барса»ни 2024 йил апрелида сафарда мағлуб этиб қайтганди. Бу анъана давом этди. «ПСЖ» қийинчилик билан бўлса-да, иродали ғалабага эришди. Таркибдаги йўқотишлардан ва жамоанинг ЕЧЛдаги тақвимидан келиб чиқилса, бу ўта муҳим ғалаба бўлди. Масалан, бу ўйинни «Олтин тўп» соҳиби Усмон Дембеле, «ПСЖ» сардори Маркиниос ўтказиб юборишди, шунингдек, асосий таркиб футболчиларидан Хвича ва Дуэ ҳам жароҳатда. «Барселона» ҳам таркиб борасида муаммоларга учраган: Ҳанси Флик Рафиня, Жоан Гарсия, Марк-Андре тер Штеген, Фермин ва Гавининг хизматларидан фойдалана олмаяпти, Балде эса эндигина жароҳатидан тузалган ва захира ўриндиғида қолдирилди.

Шунга қарамай, мезбонлар ўйинни кучли бошлашди ва 19-дақиқада мантиқий гол урилди: Ферран Торрес Люк Шевалени алдаб ўтиб, ҳисобни очди. «Барса» ҳисобдаги устунликни ошириши мумкин эди, аммо уддалай олмади. «ПСЖ» эса ўз вазиятидан фойдаланди ва ҳисобни тенглаштирди. 38-дақиқада Сенни Маюлу Нуну Мендешнинг пасидан кейин Войцех Шченснига ҳеч қандай имкон қолдирмади.

Иккинчи бўлимда меҳмонлар ташаббусни қўлга олишди, ўйин охирида эса «Барса» дурангни ҳам сақлаб қола олмади. 90-дақиқада юқори чизиқда ҳимояланган мезбонлар панд ейишди: қарши ҳужумда Гонсалу Рамуш Ашраф Ҳакимининг пасидан кейин ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан ғалаба голини уриб кетди.

Ҳоланднинг дубли ҳам етарли бўлмади

«Монако» – «Манчестер Сити» 2:2
Голлар:
Ҳоланд, 15 (0:1). Тезе, 18 (1:1). Ҳоланд, 44 (1:2). Дайер, 90 – пеналти (2:2)
«Монако»: Кен, Дайер, Салису (Кабрал, 82), Керер, Тезе, Кулибали (Биерет, 82), Диатта, Вандерсон (Уттара, 22), Аклиуш, Фати (Идумбо, 64), Балогун (Иленихеня, 82)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол, О`Райли, Стоунс (Матеус Нунес, 73), Родри (Гонсалес, 61), Рейндерс, Фоден, Доку (Савио, 61), Бернарду Силва, Ҳоланд
Огоҳлантиришлар: Диатта, 63 – Доннарумма, 39. Родри, 57. Бернарду Силва, 88. Гонсалес, 89. Савио, 90

Ўтган турда «Брюгге» майдонида йирик ҳисобда мағлубиятга учраган (1:4) «Монако» «Манчестер Сити» қаршисида жуда ожиз кўринганди. Ҳоланд тезкор голи билан бу фикрни тасдиқлади, у ўзининг ЕЧЛдаги 50-ўйинида гол урмаслиги қийин ҳам эди. Монегаскликлар мудофааси Гвардиолнинг узун пасини ўтказиб юборди, норвегиялик тўпурар эса тўпга ҳавода зарба бериб, дарвозабон устидан ошириб ташлади.

Аммо «Монако» сочилиб кетмади ва тезда ҳисобни тенглаштирди. Асли қанот ҳимоячиси бўлган ва бу ўйинда марказда ўйнашига тўғри келган Тезе узоқ масофадан йўллаган зарбаси билан Доннаруммани ожиз қолдирди. «Шаҳарликлар» яна олдинга ўтишди, аввалига Фоденнинг зарбасидан кейин тўп устунга борди, бўлим охирида эса Ҳоланд бош билан иккинчи голини урди.

52-гол — Эрлингнинг ЕЧЛдаги ўйинлари сонидан голлари сони кўплигича қолмоқда. Аммо у шу билан гол уришдан тўхтади, «Монако» эса 90-дақиқада мағлубиятдан қутулиб қолди. Нико Гонсалес жарима майдони ичида Эрик Дайернинг юзига тепиб юборди, белгиланган пеналтини жабрланувчининг ўзи аниқ ижро этди. Ади Ҳюттер жамоаси турнирдаги илк очкони қўлга киритди, «Манчестер Сити» эса етакчилар гуруҳига қўшилиб олиш имкониятини қўлдан чиқарди.

Лондонда реванш

«Арсенал» – «Олимпиакос» 2:0
Голлар:
Мартинелли, 12 (1:0). Сака, 90+2 (2:0)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс (Москера, 75), Люис-Скелли, Уайт (Тимбер, 58), Субименди, Мерино (Райс, 58), Эдегор, Мартинелли (Эзе, 73), Троссар (Сака, 73), Йокереш
«Олимпиакос»: Тзолакис, Пирола, Рецос (Бьянкон, 85), Ортега, Коштинья, Дани Гарсия (Скипиони, 75), Эссе (Музакитис, 85), Шикиню (Стрефецца, 86), Поденсе, Мартинш (Торимий, 62), Ал-Кааби
Огоҳлантиришлар: Габриэл Магальяйнс, 58. Субименди, 61. Райс, 78 – Стрефецца, 90

Тўрт ярим йил олдин «Олимпиакос» сенсацион равишда «Арсенал»ни Европа лигасидан чиқариб юборган, аммо бу Микел Артетанинг илк даврида рўй берганди. Ҳозир эса «канонирлар» бутунлай бошқача даражада ва грекларда аввалбошдан ҳеч қандай имконият йўқ эди. Габриэл Мартинелли эса танқидчиларининг оғзини ёпишда давом этмоқда.

Бразилиялик футболчини мухлислар бутун ёз бўйи танқид қилишганди, у эса ўтган турда «Атлетик» билан ўйинда голи ва паси билан ғалаба келтирди, кейин эса «Манчестер Сити» билан ўйинда жамоани мағлубиятдан қутқариб қолди, энди эса ҳисобни очувчи гол муаллифига айланди. Шу билан бирга, у Йокерешни голдан маҳрум қилмасликка уринди ва фақат швециялик ҳужумчининг зарбаси устундан қайтгачгина тўпни дарвоза тўрига киритиб юборди. Иккинчи бўлимда меҳмонлар жиддий қаршилик кўрсатишди ва Райя бир неча бор ўзини кўрсатишга тўғри келди, аммо якунда шу куни барча жабҳада рақибдан устунлик қилган «Арсенал» иккинчи голни ҳам урди — кучли формасига қайтган Эдегор ва Сака биргаликда гол юзага келтиришди.

«Ювентус»да яна дуранг

«Вилярреал» – «Ювентус» 2:2
Голлар:
Микаутадзе, 18 (1:0). Гатти, 49 (1:1). Консейсау, 56 (1:2). Вейга, 90 (2:2)
«Вилярреал»: Тенас, Марин, Вейга, Педраса (Кардона, 76), Моуринио, Парехо (Молейро, 64), Гей, Комесанья, Бюкенен (Олувасейи, 64), Микаутадзе (Ахомах, 76), Пепе
«Ювентус»: Перин, Гатти, Келли, Калюлю, Локателли, Маккенни, Кабал (Жоао Мариу, 16), Камбиясо (Ругани, 80), Копмейнерс (Консейсау, 46), Кенан Йилдиз (Аджич, 80), Давид (Влаҳович, 86)
Огоҳлантиришлар: Ахомах, 85 – Кабал, 6. Камбьясо, 77. Консейсау, 90

Турнинг натижасини олдиндан тахмин қилиш қийин бўлган ўйини Испанияда бўлиб ўтди. «Вилярреал» бу турда «Ювентус»ни қабул қилди. Гуруҳ босқичини очко йўқотиш билан бошлаган туринликларга ғалаба жуда зарур эди, аммо Игор Тюдор шогирдлари олдига қўйилган вазифани бажара олишмади. «Вилярреал» учун барчаси жуда яхши бошланди: 18-дақиқада гуржистонлик форвард Жорж Микаутадзе ҳисобни очди. Мезбонлар бўлим давомида иккинчи голни уриши ҳам мумкин эди, аммо дарвозабон Перин аввалига Педрасанинг ўткир бурчакдан йўллаган кучли зарбасидан кейин тўпни устунга йўналтиришга улгурди, кейин эса ҳимоячилар хатосидан кейин вазиятни тўғрилади.

Иккинчи бўлимда эса «Юве» камбэк амалга оширди. Аввалига Федерико Гатти қайчи услубидаги зарба билан ҳисобни тенглаштирди. Кейин эса Консейсау жарима майдонига ёриб кириб, Арнау Тенасга имкон қолдирмади. Аммо меҳмонлар ғалабали ҳисобни ушлаб қола олмади. 90-дақиқада «Ювентус»нинг собиқ футболчиси Ренату Вейга бурчак зарбасидан кейин мувозанатни тиклади. Ўтган сафар туринликлар сўнгги дақиқаларда бир очко ишлаб олишганди, бу сафар эса уларнинг ўзи ўйин охирида ғалабани қўлдан бой беришди.

Ёрқин «Боруссия»

«Боруссия» – «Атлетик» 4:1
Голлар:
Свенссон, 28 (1:0). Чуквуэмека, 50 (2:0). Гурусета, 61 (2:1). Гирасси, 82 (3:1). Брандт, 90+1 (4:1)
«Боруссия» Д: Кобел, Антон, Бенсебаини, Зюле (Шлоттербек, 69), Беллингем (Нмеча, 69), Забитцер, Свенссон, Рюэрсон, Чуквуэмека (Брандт, 63), Адейеми (Байер, 63), Гирасси (Силва, 87)
«Атлетик»: Симон, Вивиан (Ляпорт, 46), Паредес, Лекуэ, Горосабель, Хаурегисар (Руис де Галаррета, 46), Рего, Наварро, Гомес (Серрано, 63), Иньяки Уилямс (Гурусета, 46), Саннади (Санчес, 80)
Огоҳлантиришлар: Байер, 89 – Паредес, 43. Горосабел, 59

«Боруссия» Чемпионлар лигасининг биринчи турида «Ювентус» билан ўйинда икки гол устунлигини сақлаб қололмаган ва 90-дақиқадан кейин икки гол ўтказиб юборганди (4:4). Бу сафар Нико Ковач шогирдлари «Атлетик»ни осонлик билан мағлуб эта олди. Мезбонлар 28-дақиқадаёқ Даниэл Свенссоннинг голи эвазига ҳисобни очишди. Танаффусдан кейин эса Карни Чуквуэмека дортмундликларнинг устунлигини оширди. «Атлетик» таслим бўлмади ва 61-дақиқада Горки Гурусетанинг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳисобни қисқартирди. Аммо ўйин охирида Серу Гирраси ва Юлиан Брандт ўйин масаласини ҳал қилди — 4:1.

Собиқлар баҳси

«Байер» – «ПСВ» 1:1
Голлар:
Кофане, 65 (1:0). Сайбари, 72 (1:1)
«Байер»: Флеккен, Баде, Тапсоба, Куанса, Фернандес, Гарсия, Гримальдо, Тап (Артур, 42), Тилльман (Эчеверри, 80), Поку (Бен Сегир, 73), Кофане (Маза, 80)
«ПСВ»: Коварж, Гасеровски, Обиспо (Фламинго, 66), Салах-Эддин, Мауро Жуниор, Схаутен, Верман, Сайбари, Перишич (Дриош, 73), Ман (Байрактаревич, 73), Тил
Огоҳлантиришлар: Тил, 64. Сайбари, 90

Петер Бош 2018 йилдан 2021 йилгача «Байер»ни бошқарган. Энди у «ПСВ» бош мураббийи сифатида Леверкузенга ташриф буюрди. Мезбонлар собиқ устозига ортиқча мулозамат кўрсатиб ўтиришмади. «Байер» 65-дақиқада Кристиан Кофаненинг голи билан ҳисобни очди, ушбу форвард леверкузенликларнинг ЕЧЛда гол урган энг ёш футболчиси бўлди (19 ёшу 67 кунлик). Аммо нидерландлар 72-дақиқада Исмаэл Сайбарининг голи билан жавоб қайтаришди. Лекин эйндховенликлар ўйин давомида атиги олти бор зарба йўллаб, сўнгги уч мавсумда барча турнирлар доирасидаги энг паст кўрсаткичини қайд этишди. Якуний дуранг эса икки томонни ҳам қониқтирмайди. «Байер»да қаторасига иккинчи дурангдан кейин 2 очко бор, «ПСВ» учун бу икки турдаги биринчи очко.

Класс ва характер

«Наполи» – «Спортинг» 2:1
Голлар:
Ҳойлунд, 36 (1:0). Суарес, 62 - пеналти (1:1). Ҳойлунд, 79 (2:1)
«Наполи»: Милинкович-Савич, Жуан Жезус, Бекема, Гутьеррес (Оливера, 81), Спинаццола, Лоботка, Де Брейне (Гилмор, 81), Замбо Ангисса, Мактоминай (Нерес, 69), Политано (Ланг, 69), Хейлунн (Лукка, 90)
«Спортинг»: Руй Силва, Гонсалу Инасиу, Куарежма (Дебаст, 67), Араухо, Фреснеда, Юлманн, Симоес (Морита, 78), Тринкан (Гонсалвеш, 46), Катаму (Суарес, 46), Кенда, Иоаннидис (Сантос, 67)

Антонио Конте жамоаси учун уй ўйини осон кечмади ва «Спортинг» кетма-кет комбинациялар уюштираётганида трибуналардаги мухлислар ҳуштакбозлик қилишди. Аммо бўлим охирларида Замбо-Ангисса ва Де Брюйненинг прессингдан чиқиб кетишдаги ҳаракатлари белгиялик яримҳимоячи рақиб футболчилари орасидан ўтказган паси орқали Ҳойлундни қулай вазиятга чиқариши билан якунланди. «МЮ»да ишлари юришмаган даниялик ҳужумчи Италияда топ-формасига қайтмоқда. У ҳимоячилардан қочиб кетди ва тўпни дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтказиб дарвоза тўрига йўллади.

Иккинчи бўлимда меҳмонлар ҳужумчиси Луис Суарес пеналтидан ҳисобни тенглаштирди, аммо мезбонлар яна Де Брюйне ва Ҳойлунднинг саъй-ҳаракатлари эвазига вазиятни ўз томонига оғдира олди. Кевин ЕЧЛдаги голли узатмалари сонини 31 тага етказган ҳолда турнир тарихидаги энг яхши ассистентлар рўйхатида Хавини ортда қолдириб, Гиггз билан бешинчи ўринни бўлишиб турибди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда шу ёзда «Торино»дан сотиб олинган дарвозабон Ваня Милинковича-Савич Юлманнинг хавфли зарбасини қайтариб, жамоаси ғалабасини сақлаб қолди.

«Қорабоғ»да идеал старт

«Қорабоғ» – «Копенҳаген» 2:0
Голлар:
Зубир, 28 (1:0). Аддай, 83 (2:0)
«Қорабоғ»: Кохалски, Мустафозода, Медина, Жафаргулиев (Куаку, 90), Силва, Боржес, Педру Бикалю, Леандру Андраде (Байрамов, 78), Зубир (Гурбанли, 90), Кашчук (Аддай, 70), Дуран (Охунзода, 78)
«Копенҳаген»: Котарски, Габриэл Перейра, Хатзидиакос (Ашури, 69), Лопес, Уэскас (Заге, 15), Лерагер, Дилэйни (Мадсен, 78), Роберт (Судзуки, 46), Ларссон, Мукоко (Классон, 46), Ал-ЮнуссиОгоҳлантиришлар: Силва, 74. Байрамов, 85.
Охунзода, 90 – Лопес, 50

«Қорабоғ» аввалига «Бенфика»ни сафарда мағлуб этиб (3:2), Бруну Лаженинг истеъфосига сабабчи бўлганди. Энди Гурбан Гурбанов шогирдлари Бокудаги ўйинда «Копенҳаген» устидан ишончли ғалабага эришди. Озарбойжонликлар биринчи бўлимда ўйинни назорат қилишди ва 28-дақиқада ўйин мантиғидан келиб чиққан гол урилди. Танаффусдан кейин эса «Қорабоғ» ҳисобни сақлаш учун ҳимояланди ва данияликларга ҳисобни тенглаштиришга имкон бермади. 84-дақиқада Эммануэл Аддай олис масофадан йўллаган зарбаси билан ҳисобдаги устунликни оширди – 2:0.

Энди «Қорабоғ» 100 фоизлик натижа билан умумий жадвалда кучли саккизликдан ўрин олиб турибди. Ўтган мавсумда саккиз ўйинда атиги уч очко жамғарган озарбойжонликлар сўнгги – 36-ўринни эгаллашганди, энди эса ҳозирча плей-оффга даъвогар жамоалар қаторида турибди. Лекин буёғига жамоанинг тақвими осон эмас, учинчи турда Билбаода «Атлетик» меҳмони бўлади, ундан кейинги рақиблар ҳам очко бериб қўядиган жамоалар эмас: «Айнтрахт», «Наполи», «Челси», «Аякс» ва «Ливерпул».

«Нюкасл»да рекорд

«Юнион» – «Нюкасл» 0:4
Голлар:
Волтемаде, 17 (0:1). Гордон, 43 - пеналти (0:2). Гордон, 64 - пеналти (0:3). Барнс, 80 (0:4)
«Юнион»: Схерпен, Берджесс, Лейсен, Макаллистер (Сайкс, 67), ван де Перре (Расмуссен, 67), Зорган, Нянг, Халаили (Патрис, 78), Аит Ал-Ҳаж, Дэвид (Жигер, 46), Родригес (Буфал, 74)
«Нюкасл»: Поуп, Ботман, Тшау, Берн, Триппьер (Шер, 83), Тонали, Жоэлинтон (Майли, 59), Гимарайнс (Холл, 73), Гордон, Эланга (Барнс, 73), Вольтемаде (Осула, 73)
Огоҳлантиришлар: ван де Перре, 39. Берджесс, 51. Макаллистер, 57. Жигер, 60 – Жоэлинтон, 36

«Нюкасл» 1-турда «Барселона»га ютқазган (1:2), «Юнион» эса кутилмаганда «ПСВ» билан сафар ўйинида осон ғалабага эришганди (3:1). Лекин белгияликлар ўз майдонида «Нюкасл»га жиддий қаршилик кўрсата олмади, меҳмонлар биринчи бўлимнинг ўзида икки гол фарқи билан устунликка эришишди. Англиядаги ўйинларда фақат бошда гол ураётган Волтемаде бу сафар Тоналининг зарбасини ҳоккейча услубда йўл-йўлакай дарвозага тўғрилаб юборди. Биринчи бўлим охирида эса Эланга жарима майдони ичида йиқитилди, белгиланган пеналтини аниқ ижро этган Гордон «қарғалар»нинг ЕЧЛда қаторасига икки ўйинда гол урган учинчи футболчиси бўлди (Алан Ширер ва Шол Амеобидан кейинги). Якуний 4:0 ҳисобидаги натижа эса — «Нюкасл» учун асосий еврокубокдаги энг йирик ғалабага айланди.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид