Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия терроризм ва жосусликка қарши қонунларни кучайтиради
Германия вазирлар маҳкамаси жиноий жавобгарликни кенгайтирувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Пичоқ ёки автомашинадан фойдаланган ҳолда террорчилик хуружларини тайёрлаш, экстремистларни молиялаш ва хорижий разведка хизматларида ишлаш учун қаттиқ жазолар қўлланади.
1 октябр, чоршанба куни Германия ҳукумати терроризм ва хорижий жосусликка қарши чораларни кучайтирувчи қонун лойиҳасини маъқуллади. Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган ҳужжат Бундестаг ва Бундесрат томонидан кўриб чиқилади. Машина ёки пичоқ каби хавфли предметдан фойдаланган ҳолда террорчилик хуружига тайёргарлик кўришда энди жиноий жавобгарликка тортиш режалаштирилмоқда.
Қолаверса, Германияга террористик жиноят содир этиш ниятида қайтганлар ҳам жазоланади. Шу мақсадда Жиноят кодексининг «давлатга таҳдид солувчи оғир зўравонлик қилмишини тайёрлаш»га тегишли 89а-моддасига ўзгартириш киритилади.
Қонун лойиҳаси, шунингдек, терроризмни молиялаштириш учун жазоларни назарда тутувчи 89c-моддани кенгайтиради. Адлия вазирлигига кўра, бу молиялаштиришнинг янги шаклларига қарши курашиш учун мўлжалланган бўлиб, «юқори даражада ташкил этилган террорчилик тузилмаларини унумдор муҳитдан маҳрум қилади». Ўзгартиришлар қисман умумевропа мажбуриятларини бажариш учун киритилмоқда.
Бундан ташқари, ўзгаришлар жосуслик фаолияти билан боғлиқ бўлган 99-моддага тегишли бўлади. Келажакда хорижий разведка хизматлари билан ҳамкорликда гумон қилинган ҳолларда яширин тергов тадбирларига, жумладан, телефон суҳбатлари ва онлайн тинтувларга рухсат берилади.