Жаҳон | 11:56 / 03.10.2025
6726
4 дақиқада ўқилади

Марокашда ҳам «Z авлод» намойишлари бўлиб ўтмоқда, дастлабки қурбонлар бор

Намойишчилар коррупция ва ижтимоий тенгсизликдан, шунингдек, шифохоналардаги ҳолат абгор бўлгани ҳолда мамлакатда футбол бўйича қитъа ва жаҳон биринчиликлари учун стадионлар қурилаётганидан норози.

Фото: AFP via Getty Images

Одатда тинч ва барқарор вазият ҳукм сурган Марокашда бир ҳафтадан буён коррупцияга қарши кенг кўламли норозилик акциялари давом этмоқда, матбуот буни «Z авлод» намойиши деб атаган. Чоршанба куни полиция маҳкамасига бостириб киришга уриниш чоғида уч киши отиб ўлдирилган.

Марокаш бош вазири Азиз Ахануш пайшанба куни уч киши ўлимини тасдиқлади. Жаҳон ахборот агентликлари хабар беришича, намойишчилар мамлакат жанубидаги Агадир курорт шаҳри яқинидаги Лаклиа шаҳарчасида полиция участкасига бостириб киришга уринганида ўқотар қурол қўлланган.

Morocco World News сайти аниқлик киритишича, намойишчилар жандармерия казармасини штурм қилишга ва у ердаги қуролларга эга чиқишга ҳаракат қилган.

Марокаш ИИВ жандармерияга ҳужум қилганларда совуқ қуроллар бўлгани ҳамда жандармлар қонун доирасида ўзини ҳимоя қилиш учун ўт очганини маълум қилган.

Намойишлар иштирокчилари коррупция, ижтимоий тенгсизлик ҳамда Марокашда ноябр ойида бўлиб ўтадиган Африка миллатлар кубоги ва 2030 йилда Марокаш қўшнилари Португалия ва Испания билан биргаликда мезбонлик қиладиган жаҳон чемпионати учун қилинаётган катта харажатлардан норози бўлиб кўчаларга чиқишган.

Намойишчилар шундай ҳайқиришмоқда: «Стадионлар бор, аммо шифохоналар нима бўлади?»

Норозилик акциялари бошланишига Агадирдаги шифохонада туғилган саккиз чақалоқнинг ўлими туртки бўлди.

«Z авлоди» (булар тахминан 30 ёшгача бўлган ёшлар) намойишлари бир ой муқаддам Непалда бўлгани каби бутун мамлакат бўйлаб ўтказилмоқда, улар Discord интернет-платформаси орқали ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришмоқда.

Марокашда координация билан Discord’​​даги «GenZ 212» гуруҳи шуғулланмоқда. Унинг асосчилари ким экани номаълум.

Қироллик ички ишлар вазирлиги пайшанба куни тартибсизликлар вақтида қарийб 300 киши яралангани, уларнинг аксари полициячилар (жандармлар) экани, намойишчиларнинг 400 дан ортиғи ҳибсга олинганини маълум қилди.

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, намойишчилар 80 та маъмурий бинони, банклар ва дўконларни талон-торож қилган, шунингдек, давлат ташкилотларига тегишли қарийб 300 та машинани ҳамда хусусий шахсларнинг 175 та автомобилини пачоқлаган ҳамда ёқиб юборган.

GenZ 212 гуруҳи асосчилари норозиликни тинч шаклда ифода этишга чақирмоқда.

«Биз жамият ва ҳокимиятни намойишларимиз мутлақо тинч ўтишига ишонтирамиз ва ҳар қандай кўринишдаги вандализм ва зўравонликни рад этамиз», – деди улар пайшанба куни норозилик намойишларини давом эттириш ёки эттирмаслик бўйича овоз беришдан сўнг. Гуруҳнинг 150 мингга яқин аъзосининг аксарияти давом эттириш учун овоз берди.

Дастлабки кунларда намойишлар тинч ўтганди, тартибсизликлар 1 октябрдан бошланди.

Бош вазир Азиз Ахануш пайшанба куни ҳукумат намойишчиларни тинглашга тайёрлигини айтди.

«Ҳукумат давлат институтлари доирасида ижтимоий маконда конструктив мулоқот учун очиқ. Мулоқот – муаммоларни ҳал қилиш ва барқарор ижтимоий адолатни таъминлашнинг ягона йўли», – дея бош вазирнинг сўзларини келтиради Morocco World News.

Намойишчилар Ахануш ва унинг бутун ҳукумати истеъфосини ҳам талаб қилмоқда.

Марокаш қироллиги – бадавлат мамлакат эмас: IMF баҳолашича, аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми йилига 4,2 минг долларни ташкил этади. Бу Шимолий Африканинг бошқа давлатлари Жазоир ва Тунисдан, шунингдек, Европадаги қўшнилар Испания ва Португалиядагидан бир неча бараварга камроқдир.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид