Жаҳон | 13:51 / 03.10.2025
10476
2 дақиқада ўқилади

Музлатилган Россия активлари: Белгия бош вазири хавфлар ҳақида огоҳлантирди

Барт Де Вевернинг сўзларига кўра, музлатилган Россия активларидан фойдаланиш ЕИ учун «бутунлай янги нарса»дир. Россия Марказий банкининг маблағлари Белгиядаги Euroclear депозит ҳисобрақамларида сақланади.

Фото: AP

Белгия бош вазири Барт Де Вевер Киевни қўллаб-қувватлаш учун Россиянинг Европа Иттифоқидаги музлатилган активларидан фойдаланиш хавфи ҳақида огоҳлантирди. Де Вевер 2 октябр, пайшанба куни Копенҳагенда 40 дан ортиқ Европа етакчилари иштирок этган Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммитида сўзга чиқди. «Бу хавфли ўйин», деб таъкидлади у. Европа Иттифоқи учун бу «бутунлай янги нарса», дея қўшимча қилди Белгия бош вазири.

DW мухбирининг хабар беришича, ЕИ давлатлари 23-24 октябр кунлари Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИнинг расмий саммитидаёқ музлатилган Россия активларини Украинага ўтказиш бўйича аниқ қарор қабул қилиши мумкин.

Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 1 октябр куни Копенҳагенда мусодара қилиш масаласи муҳокама қилинмаётганига ва агар Россия Украинага товон тўласа, ўз активларини талаб қила олишига ишонтирди. «Чунки айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак», дея хулоса қилди у.

Шу билан бирга, AFP таъкидлашича, тўғридан тўғри мусодара қилиш бўйича жиддий ҳуқуқий ва иқтисодий шубҳалар мавжуд. Де Вевернинг фикрича, таклиф қилинган тузилма барибир мусодара деб аталиши мумкин. «Пулингизни олиб ишлатсам, буни мусодара дейишингиз аниқ», деди у.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид