Жаҳон | 18:03 / 04.10.2025
12345
3 дақиқада ўқилади

Афғонистоннинг энг бой одамларидан бири Ўзбекистонда қўлга олинди – ОАВ

Аббос Иброҳимзода 24 сентябр куни «бизнесдаги рақобатчилари томонидан берилган кўплаб шикоятлардан сўнг» қўлга олингани таъкидланмоқда. Ўзбекистон расмийлари ҳозирча бу ҳақда хабар бергани йўқ.

Фото: amu.tv

Тошкентда Афғонистон парламентининг собиқ вице-спикери, Балх вилоятидан собиқ депутат ва энг йирик афғон тадбиркорларидан бири Аббос Иброҳимзода қўлга олинди. Бу ҳақда Афғонистон янгиликларига ихтисослашган Amu.tv хабар берди.

Қайд қилинишича, Иброҳимзода 24 сентябр куни «бизнесдаги рақобатчилари томонидан берилган кўплаб шикоятлардан сўнг» қўлга олинган ва шундан бери «350 минг доллардан ортиқ гаров пули киритганига қарамай» ҳибсда сақланмоқда. Ўзбекистон расмийлари ҳозирча бу ҳақда хабар бергани йўқ.

Аббос Иброҳимзода - тадбиркор ва сиёсатчи, миллати ҳазора. 1990-йилларнинг бошидан Афғонистоннинг энг йирик тадбиркорларидан бири бўлган, Балх вилоятидаги саррофлар уюшмасини бошқарган, шу сабабли «Аббос доллар» лақабини олган.

У асос солган Ibrahimzada Group йигирмадан ортиқ компанияларни бирлаштиради. У Балхдаги хусусий телевидение тармоғини назорат қилади, таълим ва хайрия ишларига сармоя киритган.

Иброҳимзода Афғонистон парламентининг қуйи палатаси - Волеси Жирғага икки марта сайланган.

«Толибон» ҳукуматни эгаллашидан олдин, Иброҳимзода Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистондан бензин ва газ, минерал ўғитлар, қурилиш материаллари етказиб бериш билан шуғулланган. Унинг Ўзбекистон билан чегарадош Ҳайратон шаҳридаги бензин ва газ омбори 50 минг тоннадан ортиқ сиғимга эга эди.

Таъкидланишича, 2021 йил ёзида Иброҳимзоднинг қуролли тузилмалари Мозори Шарифни толиблардан икки ой давомида ҳимоя қилди. Толиблар мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олгач, Иброҳимзода Афғонистонни тарк этиб, Туркияда яшай бошлади. Унинг Тошкентга қачон кўчиб келгани номаълум.

Amu.tv маълумотларига кўра, сўнгги тўрт йил ичида Иброҳимзода Ўзбекистон иқтисодиётига, асосан транспорт ва ун саноатига 50 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган.

2023 йилда толиблар тадбиркорнинг Афғонистондаги 19 та тижорат объектини, жумладан, олтита ёқилғи қуйиш шохобчаси, иккита шифохона, телеканал, иккита озиқ-овқат заводи, бешта савдо маркази, иккита турар-жой мажмуаси ва Ҳайратон станциясидаги саноат объектини муҳрлаб қўйган.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид