Спорт | 17:14 / 04.10.2025
7090
2 дақиқада ўқилади

Музокара олиб борилмоқда – ЎФА Каннаваро ҳақида

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) Фабио Каннаваро билан музокара олиб бораётганини илк маротаба тасдиқлади.

Фото: Getty Imagеs

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) италиялик мутахассис Фабио Каннаваро билан миллий жамоа бош мураббийлиги масаласида музокара олиб борилаётганини эълон қилди.

«Халқаро тажрибага эга ва жаҳон чемпионатида иштирок этган мутахассисларни терма жамоага таклиф этиш бўйича саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Хусусан, ЎФА раҳбарияти бу борада яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузларидан бири, жаҳон чемпионати ғолиби, 2006 йилда дунёнинг энг яхши футболчиси деб топилган таниқли италиялик мутахассис Фабио Каннаваро билан музокаралар олиб бормоқда», дейилади хабарда.

2 октябр куни таниқли инсайдер Фабрицио Романо ижтимоий тармоқда Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий жамоасининг янги бош мураббийи бўлиши, расмий ҳужжатлар яқин 24-48 соат ичида имзоланишини хабар қилган эди.

Аввалроқ, ЎФА миллий жамоа бош мураббийлиги масаласида Йоаҳим Лёв, Фотиҳ Терим ва Паулу Бенту билан музокара ўтказаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бироқ, улар ЎФА томонидан бирор марта тасдиқланмади.

52 ёшли Фабио Каннаваро футболчилик фаолиятида катта ютуқларга эришган. У 2006 йилда Италия миллий жамоаси билан жаҳон чемпиони бўлган ва «Олтин тўп»ни қўлга киритган.

Мураббийлик фаолиятини Хитойнинг «Гуанчжоу Эвергранд» клубида бошлаган (2014-2015), кейинроқ Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» (2015-2016), Хитойнинг «Тянцзин» (2016-2017), «Гуанжчоу» (2017-2021) клубларида ишлаган, 2019 йилда бир муддат Хитой миллий жамоасида ишлаган, сўнгра Италиянинг «Беневенто» (2022-2023) ҳамда «Удинизе» (2024) клубларини бошқарган. Сўнгги иш жойи Хорватиянинг «Динамо» Загреб клуби ҳисобланади. 2024 йил декабрида жамоа бош мураббийи этиб тайинланган, аммо 2025 йил апрелида қониқарсиз натижалар туфайли истеъфога чиқарилган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид