Кўчмас мулк | 18:14 / 04.10.2025
14485
5 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Душанбегача. Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларидаги уй нархлари

Марказий Осиёдаги уй нархлари энг қиммат шаҳар – Ашхобод. Туркманистон пойтахтида кўчмас мулк нархларининг баландлиги янги қурилиш лойиҳаларига рухсат олишнинг жуда ҳам мураккаблиги ва оғир талаблар билан изоҳланади. 2025 йилга келиб Ўзбекистон ва Қозоғистон бозоридаги нархлар барқарорлаша бошлаган бўлса, Қирғизистонда шиддатли ўсиш кузатиляпти. Kun.uz минтақанинг йирик шаҳарларидаги квартира нархлари ва ушбу шаҳарларда ўртача ойлик даромадга нисбатан уй харид қилиш қобилияти қандай эканлигини таҳлил қилди. 

Уй-жой инсонларнинг энг биринчи эҳтиёжи бўлгани учун унинг нархи билан боғлиқ маълумотлар доим диққат-марказимизда бўлади. Чунки шахсий уй-жойга эга бўлиш ижара нархларининг қимматлиги боисидан харажатларнинг сезиларли даражада қисқаришига ва яшаш шароитининг яхшиланишига ёрдам беради. Kun.uz Марказий Осиёнинг йирик шаҳарларидаги квартира нархлари ва ушбу шаҳарларда ўртача ойлик даромадга нисбатан уй харид қолиш қобилияти қандай эканлигини таҳлил қилди.

Ўзбекистон: Тошкент ва Самарқанд

2025 йилга келиб Тошкент шаҳрида уй-жой нархлари барқарорлаша бошлади. Хусусан, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича Ўзбекистон пойтахтида 1 кв метр учун ўртача нарх бирламчи бозорда 14 млн 540 минг сўмни (1200 dollar) ташкил этган. Бу кўрсаткич Самарқанд шаҳрида 11 млн 170 сўмг. Тошкент шаҳрида 60 квадрат метрли уйни бирламчи бозордан харид қилиш нархи ушбу ҳудуддаги 7 йилу 2 ойлик ўртача маошга, Самарқандда эса 12 йил 7 ойлик ўртача маошга тенг.

Умуман олганда айни пайтда Тошкент шаҳрида нархларнинг ўзгариши деярли «музлаб» қолди. Бу кўчмас мулкнинг инвестициявий фойдалилигини ҳам сезиларли даражада камайтиради. Ҳозирдаги даромадлилик билан «сотиб оласан → тезда қайта сотасан → кўп пул топасан» модели ишламайди. Энди бу кўпроқ «сотиб оласан → узоқ кутасан → балки пул топарсан» кўринишига ўзгарган.

Қозоғистон: Остона ва Олмаота

Қозоғистон уй-жой бозорида ҳам нархларнинг ўсиши давом этяпти. Мамлакат Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, Остона шаҳрида янги уйларнинг 1 квадрат метри учун ўртача нархи 618 минг тенгени (1128 доллар), иккиламчи бозорда эса 664 минг тенгени (1212 доллар) ташкил этди. Олмаотада эса ўртача кўрсаткич янги уйлар учун 648 минг тенге (1182 доллар), иккиламчи бозорда 692 минг тенге (1263 доллар). Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, Қозоғистон пойтахтида ўртача ойлик 598 минг тенгени (1091 доллар), Олмаотада эса 563 минг тенгени (1027 доллар) ташкил этган.

Юқоридаги рақамлардан келиб чиқадиган бўлсак, 60 квадрат метрли уйни бирламчи бозордан харид қилиш нархи Остонада 5 йилу 2 ойлик, Олмаотада 5 йилу 9 ойлик ўртача маошга тенг.

Фото: inbusiness.kz

Қирғизистон: Бишкек ва Ўш

Қирғизистон пойтахтида уй-жой нархлари йиллик инфляция суръати ва ўтган йилги кўрсаткичлардан анча тез қимматлаяпти. Хусусан, Бишкекда сентябр ойи ҳолатига кўра бирламчи бозорда 1 квадрат метр учун ўртача нарх 1404 долларни ташкил этган. Нархларнинг шиддат билан ошишига кўп қаватли уйлар қуриш учун бўш ер участкалари етишмаслиги, аҳоли турмуш даражасининг яхшилангани фонида талабнинг ошиши, қурилиш материаллари нархининг кўтарилиши каби омиллар таъсир кўрсатган. Қирғизистоннинг иккинчи йирик шаҳри Ўшда 1 квадрат метр учун ўртача нархлар 780 доллар атрофида шаклланган.

Юқоридаги рақамлардан келиб чиқадиган бўлсак, 60 квадрат метрли уйни бирламчи бозордан харид қилиш нархи Бишкекда 11 йилу 10 ойлик, Ўшда 10 йилу 2 ойлик ўртача маошга тенг.

Тожикистон: Душанбе

Душанбеда ҳам уйларнинг ўртача нархи жойлашувига қараб сезилалрли даражада ўзгариб туради. Кўчмас мулк савдоси билан шуғулланувчи Этажи портали маълумотларига кўра, йил бошида Тожикистон пойтахтида 1 кавдрат метр учун нархлар 11085 сомоний ёки 1190 долларни ташкил этган. Душанбеда 60 квадрат метрли уйни бирламчи бозордан харид қилиш нархи 15 йилу 7 ойлик ўртача маошга тенг. 

Фото: Sputnik

Туркманистон: Ашхобод

Ашхобод кўчмас мулк бозори бўйича деярли маълумотлар йўқ. Сиёсий чекловлар туфайли мустақил нарх кузатувлари олиб борилмайди. Айрим манбаларда келтирилишича, шаҳарда 1 квадрат метр учун ўртача нархлар 2900 – 3100 доллар атрофида. Нархларнинг жуда ҳам қимматлиги сўнгги йилларда валюта курсининг барқарор эмаслиги, янги қурилиш лойиҳаларига рухсат олишнинг жуда ҳам мураккаблиги ва оғир талаблар билан изоҳланади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, 2025 йилга келиб Ўзбекистон ва Қозоғистон бозоридаги уй-жой нархларининг ошиши анча барқарорлашган. Қирғизистонда эса шиддатли ўшиш кузатиляпти. Тожикистондаги нархларнинг шаклланиши меҳнат муҳожирларидан келадиган даромадларнинг ҳажмига бевосита боғлиқ. Чекланган таклиф фонида Ашхобод минтақадаги энг қиммат кўчмас мулк бозорига эга шаҳарга айланган.

Достон Аҳроров тайёрлади

Мавзуга оид