Жаҳон | 12:25 / 05.10.2025
3183
3 дақиқада ўқилади

Россия Суми областидаги вокзалга зарба берди

Бир киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланган.

Фото: State Emergency Service of Ukraine

РФ қуролли кучлари 4 октябр куни Суми областининг Шостка шаҳрида жойлашган темирйўл вокзалига ҳужум уюштирди, деб хабар берди област ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Григоров.

Украина бош прокурори идораси хабарига кўра, Россия дронлари вокзалга маҳаллий вақт билан соат 11:50 атрофида учиб келган. Биринчи дрон Терешчинская — Новгород-Северский йўналишида қатновчи поезд локомотивига урилган, деб хабар берди Жамоа ва ҳудудлар вазири Олексий Кулеба. Вокзалда эвакуация бошланганида эса, Россия ҳарбийлари станцияда турган Киев — Шостка поездига зарба йўллаган.

Гувоҳлар зарба берилган вақтдаги ҳолат акс этган видеоларни тарқатишган.

Украина Фавқулодда ҳолатлар бўйича давлат хизмати ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлганини хабар қилган. 71 ёшли эркак жасади поездлардан бирининг вагони ичидан топилган.

Шостка маъмурияти раҳбари Оксана Тарасюк «Суспiльне» нашрига маълум қилишича, йўловчилар ва темирйўл ишчилари бўлган 30 га яқин киши яраланган. Жабрланганлар орасида уч ннафар бола ҳам бор, дейилади «Укрзалізниця» темирйўл ташувчиси матбуот хизмати хабарида. Украина бош прокурори идораси саккиз киши шифохонага ётқизилганини маълум қилган.

Украина президенти Володимир Зеленский вокзал бўйлаб зарбани изоҳларкан, Россия «дунёнинг эътиборсиз қолдиришга ҳаққи бўлмаган террорни амалга ошираётгани» ҳақида гапирган:

Россиянинг Суми областидаги Шостка темирйўл вокзалига дронлар билан берган шафқатсиз зарбаси. Барча керакли хизматлар аллақачон жойида бўлиб, одамларга ёрдам беришни бошлади. Жабрланганлар ҳақидаги барча маълумотлар аниқланмоқда. Ҳозирда ўнлаб одамлар жабрлангани маълум. Зарба жойида «Укрзалізниця» ходимлари ва йўловчилар бўлган.

Россияликлар тинч фуқароларга зарба бераётганини билмаслиги мумкин эмасди. Ва бу дунё эътиборсиз қолдиришга ҳақли бўлмаган террордир. Россия ҳар куни одамлар ҳаётига зомин бўлмоқда. Фақат кучгина уларни буни тўхтатишга мажбур қила олади. Биз Европа ва Америкадан қатъий баёнотлар эшитдик ва аллақачон уларнинг барчасини амалга ошириш вақти келди. Қотиллик ва террорни нормал ҳолат деб ҳисобламайдиганлар билан биргаликда. Қуруқ гаплар етарли эмас. Кучли ҳаракатлар керак.

РФ қуролли кучлари шу Суми областининг муҳим инфратузилмаларига ҳам зарба берган, натижада Шостка тўлиқ электр таъминотидан узилган, бундан ташқари Шостка райони ҳудудининг ҳам бир қисми электрсиз қолган. Шосткада электр, газ ва ичимлик сув узатишда узилишлар юзага келди, деб хабар берди шаҳар раҳбари Микола Нога.

Украина ҳуқуқ-тартибот органлари Уруш урф-одатлари ва қонунларини бузиш моддаси бўйича текширув бошлаган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид