Жаҳон | 13:52 / 06.10.2025
5390
2 дақиқада ўқилади

КХДР Вашингтоннинг ҳаракатларига жавобан «махсус ресурслар»ни ишга туширди

Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, Шимолий Кореянинг стратегик хавотирлари АҚШнинг Жанубий Кореяда ҳарбий кучини ошириши фонида кучаймоқда. Вашингтон Корея яриморолининг жанубий қисмига 28 500 га яқин аскарини жойлаштирган.

Фото: ALEXANDER KAZAKOV/AFP/Getty Images

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг таъкидлашича, КХДР Вашингтоннинг Жанубий Кореяда қўшинларни кўпайтиришига жавобан «махсус ресурслар»ни ишга туширган. КМТА (KCNA) ахборот агентлиги Шимолий Корея етакчисининг сўзларини 5 октябр, якшанба куни келтирди. Сиёсатчи Корея Меҳнат партияси ташкил этилганининг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий кўргазмага ташриф буюрди.

«Душманларимиз ўз хавфсизлиги ҳақида қайғуриши керак, деб ўйлайман», деди Ким Чен Ин.

«АҚШ-Жанубий Корея ядровий иттифоқи шиддат билан ривожланмоқда ва улар хавфли сценарийларни амалга ошириш учун турли машғулотлар ўтказмоқда», — дея унинг сўзларини келтиради AFP. «АҚШ Жанубий Корея минтақасида ҳарбий салоҳиятини оширар экан, бу минтақага нисбатан бизнинг стратегик хавотирларимиз ҳам ортиб бормоқда», — дея қўшимча қилди сиёсатчи.

КМТА қайси «махсус ресурслар» ҳақида гапирилаётганига аниқлик киритмади. Агентлик томонидан чоп этилган фотосуратларда Ким Чен Ин ёпиқ кўргазма марказида Шимолий Корея генераллари қуршовида қуроллар, жумладан, ракета ёнидан ўтаётганини кўриш мумкин.

Жанубий Корея ҳукумати расмийларига кўра, Шимолий Корея Россия билан ҳарбий алоқаларини мустаҳкамлашда давом этмоқда. Ким Чен Ин Хитой билан ҳам муносабатларни чуқурлаштирмоқда. Сентябр ойида у Пекинга ташриф буюрди.

AFP маълумотларига кўра, АҚШ Шимолий Кореядан келаётган ҳарбий таҳдидларга қарши туриш учун Корея яриморолининг жанубий қисмига тахминан 28 500 аскарини жойлаштирган. Сентябр ойида Вашингтон 15-19 сентябр кунлари хавфсизлик бўйича иттифоқчилари Жанубий Корея ва Япония билан Iron Mace қўшма ҳарбий машғулотларини ўтказди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид