Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрдўған: Туркий дунё минтақавий барқарорликка салмоқли ҳисса қўшиши мумкин
Туркия етакчиси Туркий давлатлар ташкилоти мамлакатларининг 12-саммитида нутқ сўзлади.
Фото: azertag.az
Туркий дунё мамлакатлари минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда янада самарали рол ўйнаши мумкин. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Озарбойжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилотининг 12-саммитидаги нутқида айтиб ўтди.
Туркия раҳбари ўз нутқида Суриядаги вазиятга ҳам тўхталиб ўтди. «Сурия ҳукумати томонидан сўнгги тўққиз ой ичида кўплаб тўсиқларга қарамай эришилган ютуқлар оптимистик руҳ бағишлайди», деди у.
Эрдўған туркий давлатларни «Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва бирлигини» қўллаб-қувватлашга ва Сурия ҳукумати билан ҳамкорликни фаоллаштиришга чақирди.
Давлат раҳбари сўзларига кўра, Туркия нафақат Жанубий Кавказдаги жараёнларнинг ривожланишини кузатиб боради, балки минтақада тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлидаги қадамларни чин дилдан қўллаб-қувватлайди. У шунингдек, Озарбойжон ва Арманистоннинг 8 августдаги қўшма баёнотини олқишлади ва уни «минтақада тинчлик ва барқарорлик сари ижобий қадам» деб атади.
Туркия президентининг айтишича, Исроилнинг яқинда Қатарга уюштирган ҳужумлари минтақавий барқарорликка энг катта таҳдид ушбу мамлакатнинг амалдаги ҳокимиятидан келаётганини кўрсатмоқда.
Давлат раҳбари «Ғазо секторида 66 минг бегуноҳ инсоннинг ҳаётига зомин бўлган қирғинни тўхтатишга қаратилган сўнгги жараёнлардан» мамнунлигини билдирди.
«Ишончимиз комил, Фаластин халқининг халқаро ҳуқуқ меъёрларидан келиб чиқадиган ҳуқуқларига асосланган икки давлат тузиш тўғрисидаги қароргина мустаҳкам ва адолатли тинчликка йўл очади. Биз бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни қатъий давом эттирамиз», деди у.
Туркия раҳбари мавжуд халқаро тизимнинг самарасизлигини яна бир бор таъкидлади. «Биз БМТ Хавфсизлик Кенгаши инсоният виждонини ҳақорат қиладиган кўплаб масалаларни эътиборсиз қолдирадиган халқаро тизим билан иш олиб бормоқдамиз», деди у.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, ТДТ «ўзгарувчан воқеликка» мослашиши, «адолатли ишни ҳимоя қиладиган ва халқаро масалалар бўйича ягона позицияни эгаллаган ишончли, принципиал тузилмага» айланиши керак.
Туркия президенти терроризм, ноқонуний миграция, кибертаҳдидлар ва иқлим ўзгаришига қарши курашда ташкилотга аъзо мамлакатларнинг якдил позицияси муҳим эканини таъкидлади.
Сиёсатчи, шунингдек, Туркия Чингиз Айтматов ва «Ўғузнома» ҳақидаги китобни шундай алифбода нашр этиш орқали туркий мамлакатлар учун умумий алифбони жорий этиш йўлида биринчи қадамни қўяётганини айтди.
Президент Эрдўған ўз нутқи якунида саммит давомида туркий давлатлар «бирдамлик, ўзаро ҳурмат ва қардошликни» яна бир бор намойиш этганини таъкидлади.
Мавзуга оид
09:31 / 02.12.2025
Эрдўған Қора денгиздаги ҳужумларни “хавотирли эскалация” деб атади
17:36 / 01.12.2025
Қозоғистон ва Туркия денгиз дронлари ҳужуми бўйича Киевга норозилик билдирди
11:08 / 01.12.2025
Курдистон ишчи партияси Туркия билан ярашиш учун икки шарт қўйди
08:30 / 29.11.2025