Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Медведев: «Европаликлар сўйилишга кетаётган ҳайвондай титрасин»
Бугун Европа давлатлари осмонида «кутилмаганда адашиб қолаётган» дронлар ҳақида гаплашамиз. Россия собиқ президенти Дмитрий Медведев бу ҳақда қизиқ гапларди айтиб қолди. Уруш даврида туппа-тузук блогерга айланган товариш Медведевнинг бу постини эътиборсиз қолдириб бўлмайди.
Беш версия
Аввало Дмитрий Анатолиевич уруш бошланганидан кўп ўтмай Telegram'да канал очгани, ҳозир 1,8 миллиондан ортиқ ўқувчиси борлигини айтиш керак. Унинг ўқувчилари ҳақиқий, канал «айлантирилмаган», ундаги постлар 3-4 миллион марталаб ўқилади. Бир сўз билан айтганда, Telegram'да реклама сотадиган тадбиркорларнинг кўзини қувнатадиган канал. Бироқ Медведев каналида реклама бермайди, асосан украин миллатини камситиб, уларни ҳар хил жирканч сўзлар билан атаб пост жойлайди.
Медведев ана шу каналида Европа осмонларида кўриниш бераётган дронлар ҳақида «чуқур таҳлилий пост» эълон қилди. Ҳатто бешта версия ҳам санаб чиқди:
1-версия. Бандерачилар қурол етказиб беришни яхшилаб, урушни катталаштириш учун қилган провакация;
2-версия. Ушбу давлатлардаги Россияни қўлловчи кучлар Европа Иттифоқида ҳаётни издан чиқариш учун қилган;
3-версия. Маҳаллий махсус хизматлар ҳаво мудофаа тизимини текшириш учун қилган;
4-версия. Маҳаллий безорилар қилган;
5-версия. Дронлар Россиядан тўғри учирилган.
Демак, Россия собиқ президенти дронлар Россиядан туриб Европа давлатларига учирилган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти. Ваҳоланки, Россия томони бу дронларнинг мамлакатга умуман алоқаси йўқлиги ҳақида гапириб ётибди. Яъни, Медведев Москвага мос бўлмаган баёнот билан чиқди.
Медведевга кўра, юқоридаги барча версиялар дронлар Европагача бориши учун сабаб бўлиши мумкин экан. Лекин, ана шу ерига жиддий эътибор беринг, гап дронлар ким томонидан учирилганида эмаскан.
Буёғига товариш Медведевнинг гапини айнан келтираман, чунки бу энг асосий қисми: «Энг асосийси, яқиндаги европаликлар ўз терисида уруш хавфини ҳис қилсин. Худди сўйишга олиб кетилаётган подадаги ҳайвон каби қалтирасин. Ўзи ва яқинларининг азобли якуни ҳақида ўйлаб қўрқувдан титрасин. Балки шунда улар уруш нима эканини тушуниб етиб, қон эвазига сиёсий очко ва пул ишлаётган Макрон ва Мерц каби тасқараларнинг бошларини узиб ташлашар». Иқтибос тугади. Бу гапларни русчада ўқисангиз, ундаги нафрат оҳангини янада аниқроқ ҳис қиласиз.
Дмитрий Анатолиевичдан бошқа россиялик Украинадаги урушни уруш деб атаса, жавобгарликка тортилган бўларди. Ахир Россияда урушни уруш дейиш тақиқланади. Бу шунчаки махсус ҳарбий амалиёт, «СВО».
Ана шунақа гаплар, азизлар. Мен сизларга Дмитрий Медведевнинг каналини кузатиб боришни тавсия қилмайман. Яхшиси, биз сиз учун унинг постларини кузатиб, ундаги нафратни бироз камайтириб етказиб борамиз. Қандайдир муҳим гап бўлса албатта. Дронлар ҳақида Медведевнинг пости албатта эътиборга молик. Чунки собиқ президент бу нафратомуз пости билан жуда катта инсонлар гуруҳининг кайфиятини очиб беряпти.
Бу оҳангдаги нафрат шунчалик кучлики, бу асло кучли инсоннинг нафратига ўхшамайди. Агар инсон чиндан кучли бўлса, душманини сўкиб, уни ҳар хил гаплар билан ҳақоратлаб ўтирмайди. Нафратни ошкора билдириш асло кучлиларнинг хусусияти эмас...
Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
15:46 / 04.12.2025
Россияда Roblox ўйин платформаси блокланди
14:59 / 04.12.2025
Рютте: Украина ҳамкорлари Россияга босимни давом эттириши керак
13:47 / 04.12.2025