Спорт | 19:37 / 08.10.2025
9094
3 дақиқада ўқилади

Фабио Каннаваро: «Мен ҳужумкор футбол тарафдориман»

Миллий жамоанинг янги бош мураббийи Кувайтга қарши ўртоқлик ўйини олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Темур Кападзе билан бирга ишлаётгани, уларнинг фалсафаси ўхшаш экани ҳақида гапирди.

Фото: ЎФА

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Кувайтга қарши ўтадиган ўртоқлик ўйинидан олдин матбуот анжуманида иштирок этиб, саволларга жавоб қайтарди. Хусусан, тўлиқ ҳимоявий ўйин кўрсатмаслигини таъкидлади.

«Ҳар бир учрашув мен учун футболчилик давримда ҳам, ҳозир ҳам қийин. Ҳеч қачон тайёр бўлмаган ҳолда майдонга туша олмайсиз. Шу сабаб доимо футболчиларга максимал тайёргарлик кўриш кераклигини таъкидлайман. Ҳаттоки ўртоқлик учрашувларида ҳам.

Ҳозирда иккита учрашув учун, шу йиғинга чақирилган футболчилардан фойдаланамиз, мен ҳужумкор футбол тарафдориман, бироқ бу 90 дақиқа давомида ҳужум қиламиз дегани эмас.

Бу футболчилар мен томонимдан чақирилмаган бўлса-да, ҳозирда энг яхши ҳолатдаги ўйинчилар шу ерда.

Биз мураббийлар штаби билан биргаликда ўйин ҳақида муҳокама қиламиз, бугун футболчилар билан ҳам гаплашамиз. Ким тайёр бўлса, албатта, майдонга тушади», дея Каннаваронинг сўзларини келтиради ЎФА матбуот хизмати.

Италиялик мутахассис миллий жамоанинг собиқ бош мураббийи, эндиликда ўзига ёрдамчилик қилаётган Тимур Кападзе билан ҳамкорлик тўғрисида ҳам гапирди.

«Барча учрашувларни кўриб чиқдим ва Турғунбоев ҳамда Эшмуродовни таркибга чақириш кераклигини айтиб ўтдим. Миллий жамоа ҳар бир футболчилар орзуси. Афсуски, таркибда икки нафар футболчимиз ҳам жароҳат олди.

Албатта, Темур Кападзе биз билан, ҳар куни эрталаб тўққиздан кечқурун ўнгача биргаликда иш олиб боряпмиз, ўйин фалсафаларимиз ўхшаш. У ўзбек футболида улкан тажрибага эга. Менда маҳаллий мутахассис билан ишлаш борасида ҳеч қандай муаммо йўқ. Балки штабга яна бошқа маҳаллий мутахассисларни ҳам жалб этишимиз мумкин.

Тактик услублар бу шунчаки рақамлар холос. Уч марказий ҳимоячи билан ўйнаш ҳимоявий кўринса-да, аслида ҳужум бошлашда тезкорликка эришишга имкон беради. Мен учун муҳими майдондаги 11 футболчи бир-бирини қанчалик тушуна олиши. Фаолиятим давомида буюк мураббийлар билан ишладим, улардан кўп нарса ўргандим», – деган Каннаваро.

Машғулотлар чоғида жароҳат олган футболчилар ҳақида кейинроқ маълумот берилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон миллий жамоаси октябр ойидаги йиғин давомида иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушади: 9 октябр куни Тошкентда Кувайтга қарши, 13 октябр куни Малайзияда Уругвайга қарши.

Шунингдек, жамоа ноябр ойида Дубайда халқаро турнирда иштирок этиши мумкин.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид