Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонада трансчегаравий уюшган наркогуруҳ аъзолари қўлга олинди
Гуруҳ аъзолари Данғара тумани ҳудудида дала майдонига кўмиб қўйилган 4 кг опий гиёҳванд моддасини олаётганда ушланган. Наркогуруҳ аъзолари Тожикистон ва Қирғизистонда ҳам фаолият юритиши аниқланган.
Фарғона вилоятида трансчегаравий уюшган наркогуруҳ аъзолари қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона хизмати ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда “Қўқон-Тошкент” автойўлининг Данғара тумани ҳудудидан ўтган қисмида йўл четидаги дала майдонига кўмиб яширилган гиёҳванд воситаларини олаётган 3 нафар шахс ушланган.
Қўлга олинганлардан бири олдин ҳам гиёҳванд модда савдоси билан жиноий жазога тортилган 28 ёшли аёл, унинг шериклари 1974 ва 1989 йилда туғилган шахслар экани маълум бўлди. Олиб борилган тезкор суриштирув ишлари натижасида ушбу шахслар трансчегаравий уюшган наркогуруҳ аъзолари экани, Тожикистон ва Қирғизистонда ҳам ушбу гуруҳ аъзолари фаолият юритиши аниқланган. Тадбир давомида жами 4 кг опий гиёҳванд моддаси ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) ва 273-моддаси (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари бошланган.
Қайд этилишича, ҳозирда жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини қўлга олиш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилмоқда.
Олдинроқ бир неча йилдан буён Андижон, Фарғона, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳриида гиёҳванд воситаларини тарқатиш билан шуғулланиб келган трансчегаравий уюшган наркогуруҳ аъзолари ушланганди.
Мавзуга оид
10:57 / 12.06.2026
Тошкентда 34 килограммдан зиёд наркотик моддалар мусодара қилинди
08:24 / 04.06.2026
Фарғонада мембранали сув ҳавзасида бир киши чўкиб кетди
16:15 / 23.05.2026
“Мақсад сари” шина тортган бола: унинг отасига чора кўрилиши мумкин
08:24 / 20.05.2026