Жаҳон | 13:14 / 08.10.2025
4176
2 дақиқада ўқилади

Украинанинг ЕИга кириши: Орбан Зеленскийни шантажда айблади

Виктор Орбан Володимир Зеленскийни шантажда айблади ва Венгрия референдуми натижаларини эслатди, унда иштирокчилар Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолигига қарши овоз берган. Европа комиссияси бу натижаларни бажаришга мажбурий эмас деб ҳисоблайди.

Фото: Piroschka Van De Wouw / REUTERS

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Украина президенти Володимир Зеленскийни гўёки «ҳарбий ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш» ва Будапештнинг Киевнинг Европа Иттифоқига аъзолигига розилигини таъминлаш учун «маънавий шантаж тактикаси»да айблади.

«Венгрия Украинанинг ЕИга киришини қўллаб-қувватлашга маънавий мажбуриятга эга эмас. Ҳеч бир давлат Европа Иттифоқига кириш йўлида шантаж қилмаган ва бу сафар ҳам бундай бўлмайди», деб ёзган Орбан 6 октябр, душанба куни ижтимоий тармоқда.

Венгрия бош вазири Евроиттифоққа қўшилиш қарори аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қабул қилинишини яна бир бор таъкидлади. «Венгрия халқи ўз қарорини қабул қилди. Референдумда улар кўпчилик овоз билан Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолигига қарши овоз берди», деб ёзган Орбан Зеленскийни «Венгрияга қарши оммавий ахборот воситалари кампаниясида» айблаб.

6 октябр куни Зеленскийнинг ўзи Орбанни «ўзини таъсири бор деб ҳисоблайдиган одам» деб атади. «Венгрия бош вазири, афсуски, бу қайтарилмас жараённи шунчаки секинлаштирмоқда. Украина барибир ЕИда бўлади», — деди Украина президенти.

«Украина Европа Иттифоқида бўлади: Орбан билан ёки усиз. Чунки бу Украина халқининг танлови. Ишончим комилки, Венгрияда Украинани қўллаб-қувватловчи одамлар бор», — дея қўшимча қилди Зеленский.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид