Жаҳон | 12:07 / 08.10.2025
3111
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Европага дронлар «соядаги флот» кемаларидан учириляпти

Украина президенти Европани Дания ва Германиядаги дрон провокацияларига қатъий жавоб беришга чақирди.

Фото: REUTERS

Украина Ташқи разведка хизмати Россиянинг «соя флоти» танкерлари Европа мамлакатларидаги муҳим объектлар устида учувчисиз учоқлар билан боғлиқ сўнгги провокацияларда иштирок этгани ҳақидаги даъволарни тасдиқлади. Бу ҳақда Украина президенти Володимир Зеленский 7 октябр, сешанба куни фуқаролара кечки видеомурожаати чоғида айтиб ўтди.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина Ташқи разведка хизмати раҳбари Олег Ивашченко унга Москва санкцияларга қарамай нефт экспорт қилишда фойдаланаётган кемалар «диверсиялар ва Европани беқарорлаштиришга қаратилган турли уринишлар» учун қандай фойдаланилаётгани ҳақида «батафсил гапириб берди». «Биз ўзимиздаги маълумотларни ҳамкорларимиз билан баҳам кўряпмиз ва улар Россиянинг ҳаракатларига жавобан аниқ қадамлар қўйиши жуда муҳим», — деди Украина президенти.

Зеленский Киев ўз иттифоқчиларини янада қатъийроқ бўлишга чақираётганини таъкидлаб, уларнинг баъзилари аввалроқ Москвадан қўрқиб «кўп вақт йўқотганини» таъкидлади. «Руслар билиши керакки, уларнинг ҳеч бир бузғунчи ҳаракатлари — барча қабиҳ қилмишлари жавобсиз қолмайди», — деди Украина президенти.

Бир неча кун аввал Украина Ташқи ишлар вазирлиги Европа осмонида номаълум учувчисиз учоқларнинг пайдо бўлишига бошқача изоҳ берган эди. Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Кислица The Guardian нашрига берган интервюсида бунга Россиянинг Евроиттифоқ мамлакатларидаги «агентлари» алоқадорлигини даъво қилди.

Кислица дрон ҳодисаларини «яхши ўйлаб чиқилган» деб таърифлади ва Европани Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши фонида экзистенциал таҳдид деб атаган нарсага «жиддий муносабатда бўлишга» чақирди. «Ишончим комилки, Путин Ғарбни таҳқирлашдан, ўзини суперкучли деб билганини кўрсатишдан жисмоний бўлмаса ҳам ҳиссий қониқиш ҳосил қилади», — деди Украина ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари.

Кислицанинг сўзларига кўра, «умуман» Европа етакчилари янги воқелик билан муросага келган, бироқ бошқа сиёсатчилар ва экспертлар ҳали ҳақиқатни англаб етмаган. «Кўпгина сиёсатчилар ҳали ҳам ўзларининг бошларида ўтган асрнинг шаблонлари ва алгоритмларини ушлаб туради, ўша пайтда уруш пиёдаларни жойлаштириш ва танкларни олдинга силжитишни англатарди», деди Кислица. «XXI асрда технологик ривожланган мамлакатларни тиз чўктириш учун танклар керак эмас. Киберуруш — бу ҳақиқат. Банк тизимини фалаж қилиш учун гаубицалар керак эмас. Дронлардан фойдаланиш мақсадга эришишнинг ядровий бомба ишлатишдан кўра оқилона йўлдир».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид