Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин AZAL самолёти ҳалокатида Россия айбини тан олди
Россия раҳбари Озарбойжон президенти билан бўлган учрашувда 2024 йил декабр ойида юз берган авиаҳалокат сабабларини айтиб берди.
Фото: Azamat Sarsenbayev / Reuters / Scanpix / LETA
Путин 2024 йил декабр ойи охирида «Озарбойжон ҳаво йўллари» авиакомпаниясининг йўловчи самолёти ҳалокатга учрашида Россия жавобгар эканини тан олди. Озарбойжон пойтахти Бокудан Россиянинг Грозний шаҳрига парвоз қилган Embraer E190 лайнери украин дронларининг Чеченистонга ҳужуми туфайли йўналишини ўзгартирган ва Каспий денгизи узра учиб, Қозоғистонга йўл олганди, аммо самолёт муваффақиятсиз қўнишни амалга оширган, натижада бортда бўлганлардан 38 нафари ҳалок бўлган, фақат 29 киши тирик қолганди.
Озарбойжон самолётни Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учирган ракета уриб туширганини даъво қилиб келади. Москва ҳодиса учун айбини тан олишдан бош тортган, бу эса мамлакатлар ўртасида дипломатик можаро келтириб чиқарганди. 9 октябр куни икки мамлакат раҳбари Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги саммит доирасида учрашди. Қуйида Путиннинг ушбу учрашувдаги гаплари келтирилади.
***
Учрашувимизни энг нозик мавзудан – осмонимизда юз берган авиация фожиасидан бошламоқчиман. Ўшандаёқ, телефон орқали қилган биринчи суҳбатимизда фожиа айнан Россия осмонида содир бўлгани учун нафақат узр сўраганман, балки ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳам самимий ҳамдардлик билдирганман. Мен буларнинг ҳаммасини такрорлаб, давом эттириб, шуни айтмоқчиманки, биз, албатта, келишиб олганимиздек, терговга ҳар томонлама ёрдам беряпмиз.
Тергов жараёни якунланмоқда ва ҳозир бу фожианинг сабаблари ҳақида гапириш мумкин. У бир неча ҳолатлар билан боғлиқ. Биринчиси, фожиа рўй берган куни Россия осмонида Украина дронлари бўлган. Биз Россия чегарасини кесиб ўтган учта дронни бир вақтнинг ўзида кузатганмиз.
Иккинчи сабаб – Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидаги техник носозликлар. Отилган иккита ракета самолётга тўғридан-тўғри зарба бермади, агар шундай бўлганида, у шу жойда ерга қулар эди. Ракеталар бир неча метр, тахминан ўн метр масофада портлади... Лайнерга ракетанинг зарба берувчи элементлари эмас, катта эҳтимол билан парчалари урилган.
Айнан шунинг учун учувчи буни қушлар галаси билан тўқнашув сифатида қабул қилди ва бу ҳақда россиялик диспетчерларга хабар берди ва буларнинг барчаси «қора қутилар»да қайд этилган.
Унга Махачқалъага қўнишни таклиф қилишганди ва бу ҳам «қора қутилар»да бор, яхши эшитилмоқда, лекин у база аэропортига, кейин эса Қозоғистонга қайтишга қарор қилди. Шунга қарамай, факт фактлигича қолаверади.
Албатта, бундай фожиали ҳолатларда талаб қилинадиган ҳамма нарса Россия томонидан амалга оширилади, жумладан компенсациялар бўйича, шунингдек, барча мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Умуман олганда, мен асосан учрашувимиз арафасида, кеча, ўтган куни билган нарсаларимни баён қилдим. Ҳатто, ростини айтсам, бугун кечаси Москвага қўнғироқ қилиб, қўшимча тафсилотлар бор-йўқлигини сўрадим. Мен сизга билганларимнинг деярли барчасини айтиб бердим.
Мавзуга оид
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
22:15 / 04.12.2025
BRICS ягона валютасини жорий этишга шошилишдан маъно йўқ – Путин
15:46 / 04.12.2025
Россияда Roblox ўйин платформаси блокланди
15:45 / 04.12.2025