Жаҳон | 11:11 / 09.10.2025
2995
2 дақиқада ўқилади

Россия учун жанг қилган қозоғистонлик ўз ватанида 5 йилга қамалди

Украинада «Вагнер» ХҲК сафида жанг қилган қозоғистонлик Тимур Пралиев АҚШга қочишга уринган, бироқ депортация қилинган. У ўз ватанида беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Олмаота суди Қозоғистон фуқароси Тимур Пралиевни беш йилга озодликдан маҳрум қилди. У "Вагнер" ХҲК томонидан Россиянинг Украинага қарши урушида қатнашиш учун ёлланган ва кейинчалик Малидаги гуруҳ учун ёлланма аскар сифатида хизмат қилган. Бу ҳақда 8 октябр, чоршанба куни Қозоғистоннинг Orda портали хабар берди.

Суд қарорига кўра, Пралиев 2022 йил кузида Россия томонидан ёлланган ва ўша йилнинг ноябр ойидан Украинадаги жанговар ҳаракатларда қатнашган. Тергов маълумотларига кўра, у алоқа мутахассиси бўлиб хизмат қилган, Бахмутни қўлга олишда қатнашган ва Россияда бир нечта медаллар билан тақдирланган. 2023 йилда Пралиев Қозоғистон фуқаролигини сақлаб қолган ҳолда Россия паспортини ҳам олди.

Журналистларнинг ёзишича, Пралиев Россиянинг Украинага қарши урушига юборилганидан ташқари, 2024 йилда Малидаги "Вагнер" ХҲК фаолиятида иштирок этган. Бу "Вагнер" ХҲК раҳбари Евгений Пригожиннинг исёнидан кейин содир бўлган. Ушбу воқеалардан сўнг Кремл "Вагнер гуруҳи"нинг ўзига содиқ қолган ёлланма аскарларининг бир қисмини Малига ўтказди ва улар у ерда 2025 йил июнигача қолди.

Пралиев Қозоғистонда «хорижий қуролли можароларда иштирок этиш»да айбдор деб топилиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу Қозоғистон Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича энг кам жазо, дея қайд этади Orda. Қозоғистон Жиноят кодексининг 172-моддасида бундай ҳаракатлар «ёлланма фаолият аломатлари мавжуд бўлмаган ҳолда» содир этилиши кераклиги, ёлланма шахснинг ўзи эса Россия Жиноят кодексининг 170-моддаси бўйича жиноий жавобгарликка тортилади, бироқ Қозоғистонда унинг қўлланиши ҳали қайд этилмаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид