Жаҳон | 07:50 / 09.10.2025
4350
3 дақиқада ўқилади

Трамп шу ҳафта охирида Яқин Шарққа бориши мумкин

АҚШ президенти шу ҳафта Ғазо бўйича музокаралар чоғида Яқин Шарққа сафар қилиши мумкинлигини истисно этмади.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имкониятларини жуда яхши деб баҳолади ва Яқин Шарққа, эҳтимол, якшанба куни сафар қилиши мумкинлигини билдирди.

АҚШ президенти Доналд Трамп шу ҳафта Яқин Шарққа сафар қилиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларидан CNN иқтибос келтирган. «Эҳтимол, якшанба куни», деди у. Оқ уй раҳбари қайси давлатга боришни режалаштираётганига аниқлик киритмади.

Трампнинг қайд этишича, АҚШ жиддий музокаралар олиб бормоқда ва муваффақиятга эришиш эҳтимоли юқори. Музокаралар Ғазо секторидаги урушни тугатиш бўйича келишув тузиш ҳақида кетмоқда.

«Бизнинг у ерда ажойиб жамоамиз, ажойиб музокарачиларимиз бор ва афсуски, улар бошқа томондан ҳам ажойиб музокарачилардир», деди Америка раҳбари.

У келишувга эришиш имкониятларини жуда яхши деб баҳолади. «Кўрамиз, лекин музокаралар жуда яхши ўтаётгани учун жуда яхши имконият бор», деди Трамп.

Исроил ва ҲАМАС ўртасида Ғазо секторида гаровга олинганлар ва фаластинлик маҳбусларни озод қилиш бўйича музокаралар АҚШ воситачилигида Мисрнинг Шарм аш-Шайх курортида бўлиб ўтяпти.

Аввалроқ давлат котиби Марко Рубио Ғазо бўйича келишувга эришилса, Трамп Яқин Шарққа ташриф буюриши мумкинлигини айтганди. Бироқ у аввалроқ музокаралар муваффақиятсиз якунланганини эслатиб, шошилинч хулоса чиқармасликка чақирди.

«Айтганимдек, бугун яхши ютуқларга эришилди, ишлар яхши томонга кетмоқда, лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп», — деди Рубио. Давлат котиби «оптимистик» эканини таъкидлаб, келишувга эришилиб, барча гаровга олинганлар озод этилишига умид билдирди.

Maan агентлигининг ҲАМАС вакили Тоҳир ан-Нунуга таяниб хабар беришича, ҲАМАС ва Исроил асирлар ва гаровга олинганлар рўйхатини алмашган.

Сентябр ойи охирида АҚШ Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушни тугатиш бўйича 20 банддан иборат режани тақдим этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид