Жаҳон | 11:50 / 10.10.2025
1430
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Миллий гвардияси Чикагодаги федерал объектларни қўриқлашни бошлади

Чикагодаги Миллий гвардия операциясида 500 га яқин Миллий гвардия аскари иштирок этмоқда. Жойлаштириш норозилик ва даъволарга сабаб бўлди ҳамда судя намойишчиларга қарши куч ишлатишни чеклади.

Фото: Jim Vondruska/REUTERS

АҚШ Миллий гвардиясининг кичик бўлинмаси 8 октябр куни Чикаго ҳудудидаги федерал объектларни қўриқлаш ва Мемфисдаги ҳуқуқ-тартибот идораларига ёрдам беришни бошлади. Унга кўра, Техасдан 200 аскар Чикагода ишламоқда, улар АҚШ иммиграция ва божхона назорати бинолари ва бошқа федерал объектларни қўриқламоқда.

Иллинойс штатидан яна 300 нафар гвардиячи 8 октябр куни Чикагодан тахминан 90 километр жануби-ғарбда жойлашган Элвуддаги АҚШ армиясининг захира марказига етиб келди. Барча 500 аскар Шимолий қўмондонлик остида 60 кунга жойлаштирилади. Қўмондонлик вакили аскарлар қандай қуролланган эканини очиқлашдан бош тортди.

Миллий гвардиянинг жойлаштирилиши демократларнинг кучли қаршиликларига сабаб бўлди ва суд муҳокамаси мавзуси бўлиб, уни кўриб чиқиш 9 октябрга белгиланганди. Чикагода федерал кучлар бир неча ойдан бери Трамп маъмуриятининг иммиграция сиёсатига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтадиган биноларни қўриқлаб келади.

Федерал судя Сара Эллис чоршанба куни ҳуқуқ-тартибот идораларининг шаҳар атрофидаги Бродвюдаги иншоот олдида йиғилган тинч намойишчилар ва журналистларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ каби қуроллардан фойдаланишни чеклашни режалаштираётганини эълон қилди. Полиция ўтган ёзда у ерда «тартибсизликлар» ҳақида ​​эълон қилган ва бу намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлган эди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид