Молия | 15:53 / 10.10.2025
16075
6 дақиқада ўқилади

Банк картаси блокланганда нима қилиш керак?

Банк карталари блокировкаси – турли сабаблар билан учраб турадиган, ҳар ким билан рўй бериши мумкин бўлган ҳолат. Шу сабаб тўғри ечимларни билиб қўйиш фойдадан холи эмас.

Блоклаш – бу карта орқали тўловларни амалга оширишга тақиқ қўйишдир. Яъни сиз картадан фойдалана олмай қоласиз. Тўлов қилиш, пул ўтказиш ва ўтказмаларни қабул қилиш ёки нақд пул ечиш имконсиз бўлиб қолади.

Фото: Unsplash

Қандай ҳолатларда банк карталари блокланади?

Банк картани мижознинг талаби ёки ўз ташаббуси билан блоклаши мумкин, бунинг асосий сабаби – мижоз пулларини ҳавфсизлигини таъминлаш ҳисобланади. Жумладан:

  • мижоз ўз ҳоҳиши билан онлайн тарзда, банкка телефон қилган ҳолда ёки банкка келган ҳолда картани блоклашни сўраганда;
  • мижоз томонидан банк картаси йўқолгани ёки ўғирлангани тўғрисида оғзаки ёки ёзма мурожаат қилинганда;
  • картанинг PIN коди 3 марта нотўғри терилганда;
  • мижозлар томонидан шубҳали битимлар аниқланган тақдирда;
  • карта маълумотлари сизиб чиққанда (яъни 3 шахсга мижознинг шахсий маълумотлари етган ҳолатда);
  • ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва мажбурий ижро бюросининг банкка мурожаатлари билан.

Агар мижознинг банк картасида кун давомида 50 млн сўмдан ортиқ кирим ёки чиқим бўлса, банк уни эҳтимолий фирибгарлик белгиси деб ҳисоблайди ва маълум амалиётларни чеклайди. Кўп мижозлар бундай чекловни “картани блоклаш” деб ўйлайди, лекин бу – хато. 24 соат ичида мижоз картасидаги лимит чеклови автоматик тарзда олиб ташланади.

“Картангиз блокланган” хабари келса, нима қилиш керак?

Бу ҳолатда хабарни юборган ҳақиқий банк ҳам, фирибгар ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун:

  • SMSдаги рақамга ҳеч қачон қўнғироқ қилманг, юборилган ҳаволага ҳам кирманг.
  • Банк ходими сиздан фақат шахсий маълумотларингиз ва картанинг охирги 4 та рақамини сўраши мумкин. Агар сиздан картанинг тўлиқ рақамини ёки SMS кодни сўрашса – бу аниқ фирибгарлар!
  • Кўп ҳолларда банклар мижозга ўзлари қўнғироқ қилмайди. Шундай вазиятда сиз банкнинг расмий сайтига кириб, ишонч телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз талаб этилади.
    Фото: Unsplash

Қандай қилиб картани блокланишдан ҳимоя қилиш мумкин?

Биринчи навбатда картанинг йўқолиши ёки маълумотларининг тарқалишини олдини олиш керак. Фирибгарлар картангиз маълумотларини ўғирлай оладиларми ёки йўқ, ҳеч ким билмайди — на банклар, на тўлов тизимлари, на фирибгарларнинг ўзлари. Бироқ блокланиш эҳтимолини камайтириш учун:

  • Алоқада бўлинг. Банкда фаол бўлган телефон рақамингизни қолдиринг. Агар рақам алмашса, дарҳол банкни огоҳлантиринг, сабаби эски рақамни фаоллаштириб фирибгарлар СМС хабар олиши мумкин.
  • ПИН кодни ҳимояланг. Уни эътиборни тортувчи жойларга ёзиб қўйманг, айниқса картанинг ўзига. Осон ПИН ларни — 1234, 0000, туғилган йилингизни ишлатманг. ПИН кодни терганда атрофдагилар кўрмаслигига ишонч ҳосил қилинг.
  • Контактсиз тўловларни афзал кўринг. Картани бегонанинг қўлига бермасангиз, маълумотлар сизиб чиқиш хавфи камаяди. 
  • Виртуал карта очинг. Уни интернетда харидлар учун ишлатинг. У асосий карта билан бир ҳисобга боғланган бўлади, лекин унинг ўз рақами ва уч хонали коди бўлади. Агар виртуал карта билан тўлов қилган сайтингиз фириб бўлиб чиқса ва унинг реквизитлари ўғирланса, тез блоклаш мумкин. 
  • Пулларни бўлиб сақланг. Кундалик харидлар учун алоҳида карта, жамғариш учун бошқа карта ишлатинг. Катта суммаларни ишлатмайдиган картангизда сақланг.
  • Нақд пул олишга лимит қўйинг. Агар одатда бир марта 50 минг сўмдан кўп олмасангиз — кунлик лимитни 50 минг сўмга қўйинг. Кўпроқ керак бўлса, илова орқали лимитни ошириб, кейинроқ қайтариш мумкин.
  • 3Д-Сеcуре ни фаоллаштиринг. Бу онлайн тўловлар учун қўшимча хавфсизлик бўлиб, ҳар бир операцияни СМС код билан тасдиқлайсиз.
  • Карта маълумотларини ҳеч қайерга ёзманг. Рақам, амал қилиш муддати ва CВВ кодини ижтимоий тармоқларда ёки мессенжерларда тарқатманг.

Айрим эслатмалар

Амал қилиш муддати тугаган банк карталари автоматик равишда блокланади, уларнинг муддатини узайтириш мумкин эмас. Ҳисобда қолдиқ мавжуд бўлса, бошқа картага ўтказиш бўйича ёзма ариза билан мурожаат қилинади.

Банк карталарини блоклашнинг онлайн имкониятлари бор: бунинг учун банкнинг ўз иловаси, Payme ва Click каби тўлов иловалари ёхуд тўлов тизимларининг (Uzcard, Humo) Telegram-ботларидан фойдаланиши мумкин.

Фото: Unsplash

Карталар сонига чеклов мавжуд

2025 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон Марказий банки фирибгарликка қарши курашиш мақсади билан миллий валютадаги карталар сонига чеклов жорий қилган. Бунга кўра, мижоз бир вақтнинг ўзида битта банкда 5 тагача, барча банкларда эса жами 20 тагача картага эга бўлиш имкониятига эга. Хорижий валюталардаги карталар сонига чеклов киритилмаган.

Ўзбекистондаги қайси банкда нечта сўм картангиз борлигини Миллий банкнинг “Milliy” иловаси орқали кўришингиз мумкин. Шунингдек, Uzcard ва Humo тўлов тизимларининг Telegram-ботлари ҳам шахснинг шу тўлов тизимидаги ва телефон рақамига боғланган карталари рўйхатини кўрсатади.

Мавзуга оид