Ўзбекистон | 08:51 / 10.10.2025
3366
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Ироқдаги элчиси тайинланди

Ўзбекистоннинг Ироқда янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Ал-Кувайт шаҳрида жойлашган) Аюбхон Юнусов ушбу мамлакат президенти Абдуллатиф Рашидга ишонч ёрлиқларини топширди.

Фото: "Дунё" АА

Тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган мулоқот аввалида Ироқ президенти Адуллатиф Рашид Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан халқаро тадбирлар доирасида бўлиб ўтган суҳбатларини илиқ таассуротлар билан ёдга олди.

Суҳбат якунида президент Адуллатиф Рашид Ўзбекистоннинг Ироқдаги элчиси тайинланганлиги муносабати билан табриклаб, унинг масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Аюбхон Юнусов 2024 йил 6 феврал куни Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси сифатида Ал-Кувайт шаҳрига ташриф буюрган эди.

Кувайтга тайинланишидан олдин у ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаменти бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди. 50 ёшли дипломат Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, «Ал-Азҳар» университети (Миср), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Халқаро ҳуқуқ, исломшунослик, араб филологияси сингари мутахассисликларга эга. Юридик фанлар номзоди.

2003 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тузилмасида турли лавозимларда, жумладан, марказий аппаратда, Саудия Арабистонидаги элчихонада, Жидда шаҳри ва Дубайдаги (БАА) Бош консулликларда ишлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид