Жаҳон | 18:58 / 10.10.2025
4044
3 дақиқада ўқилади

Путин: Россия Марказий Осиё давлатларида ГЭС ва АЭС қуришга тайёр

Россия президенти «Марказий Осиё – Россия» иккинчи саммитида инвестицияларни янада кўпайтириш ва Россиянинг минтақа мамлакатларидаги йирик энергетика лойиҳаларида иштирок этиши режаларини эълон қилди.

Фото: ТАСС

Россиянинг Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётига киритган сармоялари умумий ҳажми 20 миллиард доллардан ошди, бироқ, бу минтақадаги ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун етарли эмас, деди президент Владимир Путин.

9 октябр куни Душанба шаҳрида бўлиб ўтган «Марказий Осиё – Россия» иккинчи саммитида Путин инвестицияларни янада кўпайтириш ва Россиянинг минтақа мамлакатларидаги йирик энергетика лойиҳаларида иштирок этиши режаларини эълон қилди.

Россия раҳбари сўзларига кўра, Москва нафақат анъанавий углеводород лойиҳаларида, балки атом ва гидроэлектр станцияларини қуриш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва сув-энергетика инфратузилмасини модернизация қилишда иштирок этишга тайёр.

«Россия компаниялари янги ГЭС қурилишига, шунингдек, сув-энергетика инфратузилмасидан хавфсиз фойдаланиш, сув ресурслари ва трансчегаравий дарёлардан оқилона фойдаланишни таъминлашга қаратилган лойиҳаларга ҳам қўшилишга тайёр», деди Путин.

У, шунингдек, гап «Россиянинг замонавий технологиялари» ва минтақа энергетика тизимига қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш ҳақида кетаётганини таъкидлади.

Путин сўзларига кўра, Россиянинг Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро савдо ҳажми 45 миллиард доллардан ошган, Россия томонидан минтақа мамлакатлари иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми эса 20 миллиард доллардан ортиқни ташкил этган ва бу етарли эмас. У, айниқса, технологик ва саноат йўналишларида, жумладан, импорт ўрнини босиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.

Ҳамкорликнинг амалга оширилган йўналишларидан бири гидроузелларни модернизация қилиш бўлиб, уларнинг аксарияти совет даврида қурилган. Хусусан, Россиянинг Амударё ва Сирдарё ҳавзаларида инфратузилмани модернизация қилишдаги иштироки, шунингдек, сувни тежаш, сувдан қайта фойдаланиш технологияларини жорий этиш ва Оролбўйи ҳудудида ўрмонзорлар барпо этиш лойиҳалари тилга олинди.

Бундан ташқари, Путин Россия аллақачон Марказий Осиё давлатлари билан қўшма дастурлар учун 33 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратганини айтди. Шунингдек, Россия кичик атом электр станциялари қурилишида иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид