Ўзбекистон | 15:35 / 10.10.2025
2618
2 дақиқада ўқилади

Хивада илк бор халқаро гилам кўргазмаси бўлиб ўтади

Россиянинг нуфузли "Караван Инфо" ахборот агентлигида "Хива шаҳрида илк бор "Гиламлар жилоси" халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Фото: caravan-info.uz

Нашрда жорий йилнинг 18-19 октябр кунлари Хива шаҳрида бўлиб ўтадиган "Гиламлар жилоси" халқаро кўргазмасига тайёргарлик кўрилаётгани ва мазкур тадбир гиламдўзларнинг ноёб маҳоратини намойиш этиш ҳамда маданий тажриба алмашиш учун ўзига хос майдон вазифасини ўташи ҳақида сўз юритилган.

Мақолада таъкидланишича, кўргазмада Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Эрон ҳунарманд усталари иштирок этади. Улар авлоддан авлодга ўтиб келаётган нақшлар, ранглар ва техникаларнинг бойлигини намойиш этиб, миллий тўқимачилик мактабларининг энг ёрқин намуналарини тақдим этади.

"Кўргазманинг Хивада ўтказилиши тасодиф эмас. ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган шаҳар ўз-ўзидан тарих ва анъаналар рамзи бўлиб, бу ерда гилам тўқиш қадим замонлардан бери алоҳида ўрин эгаллаб келган", – дея ёзилган материалда.

Мақола якунида қайд этилишича, "Гиламлар жилоси" кўргазмаси нафақат бадиий маҳоратни намойиш этиш, балки маданий алмашинувни мустаҳкамлаш, шунингдек, халқ бадиий ҳунармандчилиги соҳасида минтақавий ҳамкорликни рағбатлантиришга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид