Жаҳон | 16:30 / 11.10.2025
3434
2 дақиқада ўқилади

Ню-Йорк бош прокурори банк фирибгарлигида айбланмоқда

Трамп ишини текширган Ню-Йорк бош прокурори Жеймсга кредит олиш учун ариза бериш вақтида маълумотни нотўғри тақдим этиш айблови қўйилди. Кузатувчилар буни сиёсий мотивга эга қасос сифатида баҳоламоқда.

Фото: AP

9 октябр, пайшанба куни кечқурун АҚШнинг Виржиния штатида судялар ҳайъати АҚШ президенти Доналд Трампнинг таниқли рақиби, Ню-Йорк бош прокурори Летиция Жеймсни банк фирибгарлигида айблади. Аввалроқ худди шундай айбловлар шу штатда Трампнинг яна бир таниқли танқидчиси, ФТБ собиқ директори Жеймс Комига нисбатан илгари сурилган эди.

Жеймс ва Комига қарши ишларни Трамп томонидан тайинланган прокурор Линдси Ҳаллиган бошлаган. Ундан олдинги амалдор Жеймс ва Комини жиноий жавобгарликка тортиш учун далиллар етарли эмаслигини эълон қилиб, аввалроқ истеъфога чиққан эди.

Айбловга кўра, Жеймс 2020 йилда Виржиниядаги мулкни сотиб олиш учун қулай кредит шартларини олиш мақсадида ёлғон маълумот берган.

Матбуот учун баёнотида Летиция Жеймс барча айбловларни рад этиб, уларни «асоссиз» деб атади ва Трамп «фақат сиёсий қасос олиш истаги билан ҳаракат қилаётганини» билдирди.

Сентябр ойида Трамп ижтимоий тармоқларда Жеймс, Коми ва Калифорниядан демократ сенатор Адам Шиффга нисбатан «ҳали тергов бошланмади» деб норозилигини билдирди. Бироз вақт ўтгач, АҚШ Адлия вазирлиги ҳақиқатан ҳам Комига айблов эълон қилди ҳамда Шифф ва Жеймсга нисбатан тергов бошлади.

Трампнинг яқин иттифоқчиси, Федерал уй-жой молияси агентлиги (FHFA) раҳбари Билл Палт аввалроқ уларни ҳужжатларни сохталаштиришда айблаган, бироқ ҳеч қандай далил келтирмаган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид