Жаҳон | 22:39 / 14.10.2025
7461
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага қурол етказиб бериш бўйича «катта эълон» қилади

Қўшма Штатлар 15 октябр куни Украинага қурол-яроғ етказиб бериш бўйича «катта эълон» қилишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг НАТОдаги доимий вакили Меттю Уитакер Брюсселдаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Фото: EPA

Шунингдек, у Жанубий Европа давлатларини Киевни қўллаб-қувватлашда фаолроқ иштирок этишга чақирди, хусусан, Европа давлатлари ҳисобидан Америка қуролларини сотиб олишни назарда тутувчи PURL алянси дастури доирасида.

«Президент Трамп Украинага дунёдаги энг яхши қуролни тақдим этди: у Украинага керак, у бунга муҳтож. Бу дастур (PURL) Россияни музокаралар столига ўтиришга мажбур қилиш учун жуда муҳим. Мен ҳали қўшилмаганларни шундай қилишга чақирган бўлардим», деди Уитакер.

Анонс Украинага Tomahawk қанотли ракеталарини эҳтимолий топшириш бўйича фаол муҳокамалар фонида эълон қилинди. Октябр ойи бошида АҚШ президенти Доналд Трамп бундай таъминот бўйича «деярли қарор қабул қилганини» айтди ва 12 октябр куни Россия тинчлик музокараларини бошлашдан бош тортган тақдирда Tomahawk’ни Украинага топширишга рухсат берди.

«Эҳтимол, мен [Путинга] айтаман: қулоқ сол, агар бу уруш ҳал қилинмаса, мен уларга Tomahawk юбораман. Мен уларни жўнатишим мумкин. Tomahawk - ақл бовар қилмайдиган қурол, жуда ҳужумкор. Ва, тўғрисини айтганда, Россияга бу керак эмас», деди Трамп.

Tomahawk етказиб бериш ташаббуси Украина президенти Володимир Зеленскийнинг БМТ Бош ассамблеяси майдонида Доналд Трамп билан ёпиқ учрашуви чоғида эълон қилинди, деб ёзди The Telegraph. Кейинроқ Зеленский Трамп сўровга «бу борада ишлаш» ваъдаси билан жавоб берганини айтди. Украина президенти, шунингдек, агар Вашингтон уларни Киевга топширса, Tomahawk ракеталари билан зарбалар фақат ҳарбий нишонларга берилади, деб таъкидлади, бунга у Россиянинг энергетика инфратузилмасини ҳам киритди.

Tomahawk ракеталарининг парвоз масофаси модификацияга қараб 1600 дан 2500 км гача. Урушни ўрганиш институти (ISW) экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, агар улар Украинага топширилса, 1945 тагача Россия ҳарбий объектлари нишон зонасида бўлади. ISW таҳлилчиларига кўра, Украина Tomahawk ёрдамида Россия армиясининг фронтдаги ҳаракатларини йўққа чиқариши, уни қурол-яроғ билан таъминлайдиган ва ҳужум операцияларини қўллаб-қувватлайдиган фронторти ҳудудларини нишонга олиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид