Спорт | 21:44 / 14.10.2025
8931
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ёшлари Қозоғистонни икки ўйинда ҳам мағлуб этди

Исломбек Исмоилов бошчилигидаги ўсмирлар жамоаси эса туркиялик тенгқурлари билан икки ўйинда ҳам дуранг қайд этди.

12-14 октябр кунлари Тошкент вилоятидаги «Дўстлик» стадионида Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон U-20 жамоаси Қозоғистон U-21 жамоасига қарши икки бор ўртоқлик ўйини ўтказди.

Биринчи ўйинда Фирдавс Абдураҳмоновнинг ўйин охиридаги ягона голи ўзбекистонликларга ғалаба келтирганди, бугунги ўйинда эса ҳисоб меҳмонлар томонидан очилди. Аммо тезкор голга мезбонлар учта гол билан жавоб қайтаришди.

13-дақиқада Абдуғафур Ҳайдаров ҳисобни тенглаштирди. 35-дақиқада у дублни расмийлаштирди. Иккинчи бўлим бошида эса Асилбек Жумаев якуний ҳисобни ўрнатди – 3:1.

Ўртоқлик учрашуви.
Ўзбекистон U-20 3:1 Қозоғистон U-21
Голлар:
8' – Али Тўрганов (Қозоғистон) 13', 35' – Абдуғафур Ҳайдаров (Ўзбекистон) 53' – Асилбек Жумаев (Ўзбекистон)

Ноябр ойида Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган U-17 жамоаси ҳам шу кунларда Туркия ўсмирларига қарши иккита ўртоқлик учрашувида майдонга тушди.

Тошкент шаҳридаги «ЖАР» стадионида ўтказилган ўйинларнинг иккисида ҳам дуранг ҳисоблар қайд этилди.

11 октябр куни ўтказилган биринчи ўйинда турклар жамоаси биринчи бўлим давомида икки тўп фарқи билан олдинга чиқиб олганди, аммо Исломбек Исмоилов шогирдлари ўз услубида камбэк қилиб, ҳисобни тенглаштира олди. Дастлаб Муродов биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда биринчи жавоб голини урганди, иккинчи бўлим охирларида Сарсенбаев мувозанатни тиклади – 2:2.

Бугун бўлиб ўтган иккинчи ўйинда эса дарвозалар дахлсизлиги сақлаб қолинди – 0:0.

U-17 халқаро ўртоқлик ўйини
Ўзбекистон – Туркия — 0:0
Тошкент, «Жар» стадиони

Ўзбекистон: Неъматуллоҳ Рустамжонов, Муҳаммад Ҳақимов, Мўминхон Баҳодирхонов, Абдусамад Саидов, Сайфиддин Содиқов, Абдулмалик Анваров, Беҳруз Саидмуродов, Азизбек Абдумўминов, Асилбек Алиев, Хайруллоҳ Эргашев, Қаҳрамон Турғунов.
Захирадан майдонга тушганлар: Садриддин Ҳасанов, Жамшидбек Рустамов, Нурбек Сарсенбаев, Муҳаммадали Мусахонов, Азизбек Эримбетов, Миразиз Абдукаримов, Муҳаммад Ҳабибуллаев, Абубакир Шукуруллаев.
Захирада: Иброҳим Шокиров, Баҳодир Избосканов, Ҳожиакбар Юсуфбоев, Амирхон Мурадов.
Туркия: Садуллоҳ Йигит Кабакушак, Бариш Баш, Али Демирбилек, Фуркан Аяз Дуру, Ҳасан Якуб Илчин, Энес Ишик, Тарик Бўғра Калпакли, Ҳалил Коч, Яғиз Фикри Шен, Мустафа Дениз Карадениз, Рамазан Ўзчелик.
Захирадан майдонга тушганлар: Чем Ефе Эрўғли, Ҳасан Мерт Нучел, Билал Демирағ, Ата Яник, Баран Ёлачан, Ҳусейн Шен, Мустафа Дуру, Эймен Мустафа Эрдоған, Йигит Метин Юмак.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид