Иқтисодиёт | 10:16 / 15.10.2025
1583
2 дақиқада ўқилади

«Навоийуран» ва АЭХА глобал фаолият бўйича ҳамкорликни муҳокама қилди

«Навоийуран» ДК инвестициялар бўйича бошқарувчи директори Х.Мелиев ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) раҳбарининг халқаро уран захиралари ва ишлаб чиқариш саноати бўйича ўринбосари Адриэнне Ҳанли билан икки томонлама ҳамкорлик доирасида учрашув ўтказилди.

Фото: Навоийуран

Унда «Навоийуран» ДКнинг глобал миқёсда фаолият кўрсатиши бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Корхона табиий уранни ерости ишқорлаш йўли билан қазиб олиш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда ушбу технология асосида бошқа давлатларда уран қазиб олиш бўйича ҳукуматлар, компаниялар билан ўзаро алоқа ўрнатиш ва ҳамкорлик қилиш устувор аҳамият касб этмоқда.

«Навоийуран» ДК охирги уч йилда инвестиция жалб қилишга эҳтиёжи мавжуд корхонадан хорижга технологиялар бўйича инвестиция киритишга тайёр ва бу йўналишда аниқ стратегияга эга корхонага айланди.

Корхона бош директори бошчилигида ушбу соҳада кенг кўламли ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда корхона ўз имкониятлари ва салоҳиятини халқаро ташкилотлар, конференцияларда муваффақиятли тақдим этмоқда. Илк бор жорий йил 1-4 июн кунлари Австралиянинг Сидней шаҳрида ўтказилган WNFM ядро ёнилғиси савдоси бўйича йиллик ҳисобот конференцияси ва  2-5 сентябр кунлари Лондонда ўтказилган Жаҳон ядро ассоциацияси 50- юбилей симпозиумида муваффақиятли иштирок этди.

Корхона Мўғулистон, Тожикистон, Австралия, Иордания, Индонезия каби мамлакатларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳуқуқий-ташкилий чораларни амалга оширмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид