Жаҳон | 15:34 / 15.10.2025
11508
5 дақиқада ўқилади

Одесса мэри Украина фуқаролигидан маҳрум этилди

Украина хавфсизлик хизмати Геннадий Трухановнинг Россия паспортини кўрсатди. Унинг ўзи ҳеч қачон РФ фуқароси бўлмаганини айтмоқда ва судлашмоқчи.

Nina Liashonok / Ukrinform / Abaca press / Scanpix / LETA

Украина президенти Володимир Зеленский тегишли фармони билан 2014 йил майидан буён Одесса шаҳрига раҳбарлик қилиб келаётган сиёсатчи Геннадий Трухановни Украина фуқаролигидан маҳрум этди. Бу ҳақда дастлаб 14 октябр куни украин медиасида хабар тарқалди, кейин бу маълумотни Украина хавфсизлик хизматидагилар ҳам тасдиқлади.

«Суспiльне»га кўра, Зеленский балет артисти Сергей Полунин ҳамда Олий раданинг собиқ депутати, Донбассдаги айирмачиларнинг етакчиларидан бири Олег Царевни ҳам фуқароликдан маҳрум қилган.

Расмийларга кўра, Геннадий Труханов Украина фуқаролигини йўқотишига унда Россия фуқаролиги ҳам борлиги сабаб бўлди. Украина хавфсизлик хизмати 2015 йил 15 декабрда Геннадий Леонидович Труханов номига берилган РФ четга чиқиш паспорти нусхаси фотосуратини намойиш этган. Тақдим этилган ҳужжатга кўра, паспортнинг амал қилиш муддати 2025 йил декабрига қадар этиб белгиланган.

УХХга кўра, Москва области суди Геннадий Трухановнинг сўровига биноан 2017 йилда унинг РФ ички паспортини бекор қилган, аммо бу «қонуний асосда олинган фуқароликдан маҳрум этилишга олиб келмаслиги» қайд этилган. Бундан ташқари, Украина махсус хизмати материалларидан маълум бўлишича, Труханов ҳали ҳам РФ солиқ хизмати маълумотлар базасида идентификация кодига эга.

Тадқиқотчи журналистлар Трухановда Россия фуқаролиги борлиги ҳақида 10 йил олдин хабар топган. Ўшанда УХХ буни рад этганди

Украиналик журналист, «Слідство.Інфо» проекти асосчиси Анна Бабинец 2015 йилдаёқ, «Панама архиви»дан сизиб чиққан ҳужжатлар устида ишлаётганида Геннадий Трухановнинг Россия паспорти борлигидан хабар топганини айтди. «Кейинроқ, бошқа бир сиздирилган маълумотда, мен ҳатто унинг Россия паспорти нусхасини ҳам кўргандим. <…> Турли тузилмаларга йўллаган турли сўровларимга фақат Трухановда Россия фуқаролиги йўқлиги ҳақида жавоб олдим. 2018 йилда Украина хавфсизлик хизмати Одесса раҳбарида Россия фуқаролиги йўқлиги ҳақида расман маълум қилганди», – дея хотирлайди Бабинец.

Россиянинг Одессадаги Бош консуллиги 2016 йил апрелида Геннадий Труханов «Россия Федерацияси фуқаролигини олмагани ва Россия Федерациясининг фуқаролик тўғрисидаги қонунчилигига мувофиқ Россия Федерацияси фуқароси эмаслиги» тўғрисида маълумотнома (.jpg) берган.

Трухановнинг ўзи Россия фуқаролиги масаласи биринчи марта 2014 йилда пайдо бўлганини айтган ва шундан бери у «доимий равишда ўзида Россия Федерацияси фуқаролиги йўқлигини ва ҳеч қачон бўлмагани»ни айтиб келган. Унинг сўзларига кўра, унда дипломатик идораларнинг жавоблари, суд қарорлари ва Россия фуқароси эмаслигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар бор.

Труханов ҳеч қачон РФ фуқароси паспортини олмаганини айтди. У судлашмоқчи

Геннадий Труханов 14 октябр куни кечқурун Одесса аҳолисига мурожаат билан чиқди. «Мен ҳеч қачон Россия Федерациясига Россия фуқаролигини олиш учун ариза билан мурожаат қилмаганман. Мен ҳеч қачон РФ фуқароси паспортини олмаганман. Мен Украина фуқаросиман», – деди Одесса раҳбари.

Менинг Россия фуқаролигим ҳақидаги барча спекуляциялар собиқ Совет Иттифоқи фуқаролари маълум шароитларда автоматик равишда Россия Федерацияси фуқаролигини олгани билан боғлиқ. Бироқ менда бунақа бўлмаган!

Фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарор кучга киргандан сўнг, Труханов Одесса раҳбари лавозимини тарк этиши керак. Труханов ўз мурожаатида Одесса шаҳар кенгаши уни ваколатларидан маҳрум қилмагунча ўз вазифаларини бажаришини айтди. Шунингдек, у Украина Олий судида фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги қарорга эътироз билдиришга ваъда берди. «Агар бу етарли бўлмаса, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қиламан», – дея қўшимча қилди у.

Украина президенти Володимир Зеленский 14 октябр якунлари бўйича мурожаатида «Одесса кўпроқ ҳимоя ва кўпроқ қўллаб-қувватлашга лойиқ»лиги ҳақида гапирди. «Буни ҳарбий маъмурият форматида амалга ошириш мумкин. Одессадаги жуда кўп хавфсизлик масалалари жуда узоқ вақт давомида жавобсиз қолди. Барча самарали қарорлар қабул қилинади. Мен тез орада ҳарбий маъмурият раҳбарини тайинлайман», – деган Зеленский.

Одессадаги «Думская» нашри маълумотларига кўра, Одесса шаҳар ҳарбий маъмуриятига ҳозирда Днипропетровск областини бошқараётган Сергей Лисак раҳбар бўлиши тахмин қилинмоқда. «Страна» маълумотларига кўра, Лисакдан ташқари, бу лавозимга Одесса области ҳарбий маъмурияти бошлиғи ўринбосари Алексей Химченко номзоди ҳам кўриб чиқилмоқда.

14 октябр куни кечқурун Труханов Украина фуқаролигидан маҳрум қилингани ҳақидаги хабарлар фонида Одессада ўнлаб кишилар митингга чиқди. Улар «Труханов – чёрт!», шунингдек, «Москаля – Москвагача!» деб ҳайқиришди, деб хабар беради УНИАН.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид