Жаҳон | 23:49 / 16.10.2025
11976
2 дақиқада ўқилади

Путин Трампни Украинага Tomahawk ракеталарини бериш оқибатларидан огоҳлантирди

Россия раҳбари бу ҳаракат икки давлат муносабатларига жиддий зарар етказишини айтди.

Фото: Australian military

Россия президенти Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трамп билан телефон орқали суҳбатда Tomahawk ракеталарининг эҳтимолий етказиб берилиши икки давлат муносабатларига жиддий зарар етказишини, Украина масаласини эса ҳал қилмаслигини айтди. Бу ҳақда Россия раҳбари ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.

«Суҳбатда Украинага узоқ масофали Tomahawk қанотли ракеталарини етказиб бериш муаммоси ҳам кўтарилди. Владимир Путин Tomahawk жанг майдонидаги вазиятни ўзгартирмаслиги ҳақидаги тезисини такрорлади, аммо буларнинг барчаси мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларга жиддий зарар етказади, тинч йўл билан ҳал қилиш истиқболлари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади», деди Ушаков.

«Трамп эртага Зеленский билан учрашишини айтди, шунингдек, Зеленский билан мулоқот чоғида, табиийки, бугунги телефон суҳбатида Россия президенти томонидан билдирилган мулоҳазаларни ҳисобга олишини айтди», деб қўшимча қилди Путиннинг ёрдамчиси.

Трамп 17 октябр куни Оқ уйда Украина президенти Владимир Зеленскийни қабул қилади. Улар Tomahawk ракеталарини Украинага топшириш масаласини муҳокама қилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид