Молия | 19:11 / 17.10.2025
10887
2 дақиқада ўқилади

Камила Маҳмудова Raiffeisen банкининг молиявий директори этиб тайинланди

Ўзбекистонлик Камила Маҳмудова Европадаги йирик молиявий гуруҳлардан бири – Raiffeisen Bank International’нинг молиявий директори лавозимига тайинланди. У 2021 йилдан бери RBI’нинг Чехиядаги бўлимида молиявий директор сифатида ишлаб келаётганди.

Фото: Forbes/Reuters

Raiffeisen Bank International (RBI) кузатув кенгаши Камила Маҳмудовани 2026 йил 1 январдан бошлаб банк бошқарувида молиявий директор лавозимига тайинлади. У 2021 йилдан бери Raiffeisen Bank’нинг Чехиядаги бўлимида молиявий директор сифатида фаолият юритиб келаётганди.

Ўзбекистонлик бўлган Камила Маҳмудова молия соҳада 20 йилдан ортиқ тажрибага эга. У 1997 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини битирган. Бундан ташқари, Иллинойс коллежи (АҚШ), Вена иқтисодиёт ва бизнес университети (Австрия), Карлсон менежмент мактаби (АҚШ) ва Гарвард бизнес мактаби (АҚШ)да ҳам таҳсил олган.

Маҳмудова меҳнат фаолияти давомида 1999-2001 йилларда Ўзбекистон Давлат мулк қўмитасида, 2001-2007 йилларда Халқаро молия корпорацияси (IFC)да ишлаган. RBIʼдаги фаолиятини 2007 бошлаган. 2019 йилдан 2021 йилнинг охиригача банкнинг «Корпоратив ривожланиш ва стратегик бошқарув» бўлинмасига раҳбарлик қилган.

Маълумот учун, Raiffeisen Bank International — Австриянинг энг йирик банк гуруҳларидан бири бўлиб, Марказий ва Шарқий Европадаги 11 мамлакатда 18 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади. Банкнинг жами активлари 2025 йил июни ҳолатига кўра 204 миллиард еврога баҳоланган.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид