Жаҳон | 18:18 / 17.10.2025
8274
2 дақиқада ўқилади

Венгрия Путинни ХЖС ордерига кўра ҳибсга олмаслигини маълум қилди

Будапешт Путиннинг Трамп билан музокаралари учун хавфсиз шароит яратишга ваъда берди.

Фото: AP

Венгрия Россия президенти Владимир Путинни АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашиш учун Будапештга ташрифи чоғида Халқаро жиноий суд (ХЖС) ордери бўйича ҳибсга олиш таҳдиди йўқлигини айтди. Бу ҳақда Венгрия ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто маълум қилди.

«Биз бу ерда Владимир Путинни қабул қиламиз ва унинг муваффақиятли музокаралар ўтказиши, кейин эса уйига қайтиши ҳақида қайғурамиз», деди Сийярто.

ТИВ раҳбарининг сўзларига кўра, Венгрия расмийлари АҚШ ва Россия президентлари хавфсиз ва тинч муҳитда музокаралар ўтказиши учун барча шароитларни таъминлашга тайёр.

Сийярто, шунингдек, Венгрия Путиннинг ташрифи ва ХЖС ордери Россия президентининг саммитга боришига тўсқинлик қилиш-қилмаслиги ҳақида маслаҳатлашишни режалаштирмаётганини айтди. «Бизга ҳеч ким билан маслаҳатлашишга ҳожат йўқ. Венгрия - суверен мамлакат», деб таъкидлади у.

АҚШ президенти 16 октябр куни Венгрияда Россия президенти билан учрашишини эълон қилди. Музокараларнинг аниқ санаси ҳали йўқ.

Венгрия 1999 йилда ХЖС асосланадиган Рим статутини имзолаган ва икки йилдан сўнг ратификация қилган, бироқ 2023 йилда мамлакат расмийлари Путин ташриф билан келса, уни ҳибсга олмаслигини айтган эди.

2025 йилда Венгрия ҳукумати Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуни мамлакатга таклиф қилди, унга ҳам ХЖС ордери берилган эди. Нетаняҳунинг ташрифи фонида Венгрия Халқаро жиноий суддан чиқишини эълон қилди. 2025 йил октябр ҳолатига кўра, Венгриянинг ХЖСдан чиқиш жараёни якунланмаган.

Путин 2024 йил сентябр ойида Мўғулистонга, 2025 йил октябр ойида эса Тожикистонга ташриф буюрди. Бу икки давлат ХЖС Рим статутини ратификация қилган. Бироқ, Россия президенти қўлга олинмади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид