Жамият | 18:35 / 18.10.2025
24321
7 дақиқада ўқилади

“Камситишган, кейин калтаклашган ва охири зўрлашган”: таҳқирланган болалар

“10-синф қизга мактабида жинсий зўравонлик бўлган, вақт ўтиб қиз бунга ўрганиб қолган. Энди унда хулқ-атвор бузилиши бор. Вақтида эътибор қилинмагани сабаб орадан вақт ўтиб муаммо мураккаблашиб кетди. Қиз узатиладиган, аммо у...”. Психотерапевт Гавҳар Тешабоева Kun.uz билан суҳбатда зўравонликка учраётган болалар тақдири, уларга нисбатан ота-оналарнинг бепарволиги оқибатлари ҳақида гапирди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда 1-14 ёшли болаларнинг деярли 2/3 қисми жисмоний ёки руҳий босимга дуч келади; ёш болаларнинг 1/4 қисми эса мактабда буллингга учрайди. Ҳар еттинчи ўқувчи мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди. Сергелидаги ва Бектемирдаги мактабларда юз берган воқеалар бу фактни исботламоқда.

Буллинг - бир ёки бир нечта тажовузкорлар томонидан шахсни мунтазам, қасддан ва душманларча таъқиб, ҳақорат қилиш, тазйиқ ўтказиш. Бу жисмоний ёки оғзаки (ҳақорат, таҳдид), ижтимоий (камситиш, миш-мишни тарқатиш) ва кибербуллинг (онлайн таъқиб) кўринишида бўлиши мумкин.

Психиатр ва психотерапевт Гавҳар Тешабоева болалар ҳаётида буллинг оқибатлари, орамиздаги шундай аянчли тақдирлар ҳақида гапириб берди.

Бола буллингга учраётганини қандай билиш мумкин?

“Зўравонликка учраган, буллинг қурбони бўлган болаларда қандайдир ўзгаришлар бўлиши табиий. Шу ўзгаришлар 2 ҳафта ичида бўлса, бу стрессга бўлган ўткир реакция дейилади. Бунда бола жамиятга қўшилмай қўяди, мактабга боргиси келмайди. Ёки сукут сақлайди, бу психоген-мутизм дейилади. Ёки аксинча, ўзидан ожиз бўлган – ҳайвонларга ўз агрессиясини кўрсатади. Битта кейсда шунақа буллингга учраган бола уйига келиб мушугини совиткичнинг музхонасига солиб қўйган. Яъни унга мактабида тазйиқ бўлган ва у кимга зўравонлик қилишини билмаган ва мушугига кўрсатган. Бугун оила мушукни қидирган ва 2 кундан кейин музлаткичдан топишган. Кейин қарашса, болада шунақа муаммо.

Баъзида ота-она буни сезмай қолиши мумкин. Орадан ўша 2 ҳафтадан узоқроқ вақт ўтиб кетди ва энди болада реактив депрессия, яъни ўткир эди, энди сурункалига ўтади. У аста-секин мактабдагилардан узоқлаша бошлайди, ўзининг хонасидан чиқмай қўяди, ота-онаси билан гаплашмайди, ўзлаштириши пасайиб кетади. Кайфияти доимий тушкун ёки қабзият бўлиши ҳам депрессиянинг белгиларидан ҳисобланади. Энди болага психолог ёрдам бера олмайди, Бу ёғига психотерапевт ёки психиатр ёрдам бера олади”.

Хўш, буллинг қаердан келиб чиқади? Ахир ҳеч ким зўравон бўлиб туғилмайди. Мутахассиснинг айтишича, буллингнинг асоси оилада. Ота-она ва фарзанд ўртасида боғланиш бўлмаса, унга етарли эътибор берилмаса, боланинг шахсияти, ютуқлари билан қизиқмаса болада агрессия келиб чиқади. Натижада у буни бошқаларга нисбатан кўрсатиши ёки ўзига нисбатан агрессия билан намоён этади.

“Баъзи болалар суицидал фикрлар ҳақида ўйлашни бошлайди. Шунинг учун ҳам ўсмирлар орасида суицидлар сони кўп. ЖССТ охирги маълумотларига кўра, ёш категориясига кўра, айнан ўсмирлар орасида суицидларнинг кўплиги аниқланган.

Буллингда 3 та иштирокчи: агрессор, қурбон ва кузатувчи бор. Тадқиқот ўтказилган ва аниқланганки, мана шу 3 компонентдан биттаси олиб ташланса ҳам буллинг тўхтайди. Масалан, Сергелидаги мактабда бўлган ҳолатни кўрдик – кузатувчи кўп. Кузатувчилар кўп бўлганда агрессор болаларда ўзини кўрсатиб қўйиш ҳисси ошади.

Биз болаларимизга бунақа вазиятда бефарқ бўлмаслик, агрессорни тўхтатиш ёки қурбонга ёрдам бериш кераклигини ўргатишимиз керак. Бу ҳолатда албатта ўз фикрингни билдиргин”, деб.

Бола биринчи таҳқирланган, кейин уришган уни, охири жинсий зўравонликка ўтишган...

Агар вақтида буллингнинг олди олинмаса у нафақат руҳий, балки жинсий зўравонликка ҳам айланиши мумкин. Аммо айрим ота-оналарнинг нотўғри қарашлари сабаб уларнинг ҳаёти издан чиқади. Масалан, ўзи кибрга берилган ота-онанинг фарзанди кўпинча кибрлилар таъқибига дуч келади. Яъни улар фарзандини менсимаслиги, болага шахсий мулк сифатида қараши билан қадрсизлантиради.

“Қизга жинсий зўравонлик бўлган мактабида, қиз бунга ўрганиб қолган. Энди унда хулқ-атвор бузилиши бор. Қизни даволаш учун онанинг ҳам руҳий муаммолари айтилди. Лекин даволанишга келмади аёл. 2 йилдан кейин – муаммо мураккаблашиб кетгандан кейин келди. Қизини узатиши кераклигини, кузда тўй эканлигини айтиб баҳорда келяпти. Кибри халақит берганини, айб ўзида эканлигини тан олди. Аммо энди кеч эди, яъни қиз қурбон бўлиб бўлди. Қурбонлар баъзида бунга ўрганиб қолишиям мумкин. Тажовуз қурбони бўлган болада 2 йўл бор: бирида ўзи тажовузкорга айланади, бирида қурбон бўлишда давом этади.

Шундай ҳолатдаги ўғил болани олиб келишганди – боланинг шахсий чегаралари шу даражада бузилиб кетганки, гаплашганда шу қадар яқинлашсам ҳам ўз ҳудудини билмаяпти. Гап орасида тоғаси юзига битта урди – реакция йўқ! Яъни ўзини ҳимоя қилиш йўқ. Бу бола биринчи таҳқирланган, кейин уришган уни, охири жинсий зўравонликка ўтишган. Қачонки бу бола бошқага зўравонлик қила бошлагандагина олиб келишяпти.

Ота-онасига тушунтирилди терапия олиб бориш кераклиги ва мактабини ўзгартириш кераклиги айтилди. Баъзида буям чора бўлади. Бу ерда ота умуман вазиятни тушунишни истамади, тўғри нуфузли мактаб эди. “Йўқ, болам шу мактабни тугатиши керак, бирор ечими бордир? Танишларим нима дейди? Фалончининг ўғли шу мактабни битирди, пистончиники битирди. Нега менинг ўғлим битиролмас экан?”. Боланинг кейинги тақдиридан бехабарман.

Биз катталар буллингга чора кўрмас эканмиз, уйда кўрганини ёки ўқитувчисидан кўрганини бола давом эттираверади. Қурбонлар ҳам, агрессорлар ҳам руҳий носоғлом оилалардан келиб чиқади”.

Муаммонинг илдизи – оилада

Буллингда муаммонинг илдизи оилага бориб тақалади. Аммо унинг бўй кўрсатиши мактабда юз бергани учун кўпинча бундай ҳолатларда мактабни айбдор қилишга ўрганганмиз. Бола агрессорга айланятими, демак ўша оилада бирорта агрессор бор: у ота-онаси, бобо-бувиси бўлиши мумкин. Бола улардан олган агрессияни мактабда ўзидан кучсизроқ шахсга нисбатан чиқаради ва оқибатда юқоридаги ҳолатга ўхшаган вазиятлар юзага келади.

Гулмира Тошниёзова, Kun.uz
Тасвирчилар: Зияддин Мамматжонов, Низомжон Тошпўлатов

Мавзуга оид