“10-синф қизга мактабида жинсий зўравонлик бўлган, вақт ўтиб қиз бунга ўрганиб қолган. Энди унда хулқ-атвор бузилиши бор. Вақтида эътибор қилинмагани сабаб орадан вақт ўтиб муаммо мураккаблашиб кетди. Қиз узатиладиган, аммо у...”. Психотерапевт Гавҳар Тешабоева Kun.uz билан суҳбатда зўравонликка учраётган болалар тақдири, уларга нисбатан ота-оналарнинг бепарволиги оқибатлари ҳақида гапирди.

Тадқиқотларга кўра, Ўзбекистонда 1-14 ёшли болаларнинг деярли 2/3 қисми жисмоний ёки руҳий босимга дуч келади; ёш болаларнинг 1/4 қисми эса мактабда буллингга учрайди. Ҳар еттинчи ўқувчи мактабда ўзини хавфсиз ҳис қилмайди. Сергелидаги ва Бектемирдаги мактабларда юз берган воқеалар бу фактни исботламоқда.

Буллинг - бир ёки бир нечта тажовузкорлар томонидан шахсни мунтазам, қасддан ва душманларча таъқиб, ҳақорат қилиш, тазйиқ ўтказиш. Бу жисмоний ёки оғзаки (ҳақорат, таҳдид), ижтимоий (камситиш, миш-мишни тарқатиш) ва кибербуллинг (онлайн таъқиб) кўринишида бўлиши мумкин.

Психиатр ва психотерапевт Гавҳар Тешабоева болалар ҳаётида буллинг оқибатлари, орамиздаги шундай аянчли тақдирлар ҳақида гапириб берди.

Бола буллингга учраётганини қандай билиш мумкин?

“Зўравонликка учраган, буллинг қурбони бўлган болаларда қандайдир ўзгаришлар бўлиши табиий. Шу ўзгаришлар 2 ҳафта ичида бўлса, бу стрессга бўлган ўткир реакция дейилади. Бунда бола жамиятга қўшилмай қўяди, мактабга боргиси келмайди. Ёки сукут сақлайди, бу психоген-мутизм дейилади. Ёки аксинча, ўзидан ожиз бўлган – ҳайвонларга ўз агрессиясини кўрсатади. Битта кейсда шунақа буллингга учраган бола уйига келиб мушугини совиткичнинг музхонасига солиб қўйган. Яъни унга мактабида тазйиқ бўлган ва у кимга зўравонлик қилишини билмаган ва мушугига кўрсатган. Бугун оила мушукни қидирган ва 2 кундан кейин музлаткичдан топишган. Кейин қарашса, болада шунақа муаммо.

Баъзида ота-она буни сезмай қолиши мумкин. Орадан ўша 2 ҳафтадан узоқроқ вақт ўтиб кетди ва энди болада реактив депрессия, яъни ўткир эди, энди сурункалига ўтади. У аста-секин мактабдагилардан узоқлаша бошлайди, ўзининг хонасидан чиқмай қўяди, ота-онаси билан гаплашмайди, ўзлаштириши пасайиб кетади. Кайфияти доимий тушкун ёки қабзият бўлиши ҳам депрессиянинг белгиларидан ҳисобланади. Энди болага психолог ёрдам бера олмайди, Бу ёғига психотерапевт ёки психиатр ёрдам бера олади”.