Жаҳон | 13:42 / 20.10.2025
1948
2 дақиқада ўқилади

ҲАМАС Ғазо аҳолисига ҳужум қилиш ниятида эканини рад этди

АҚШ Давлат департаментининг ҲАМАСнинг Ғазо секторида тинч аҳолига «яқинда» ҳужум қилиши ҳақидаги огоҳлантиришидан сўнг, ташкилот буларни «Исроил ташвиқотининг асоссиз даъволари» деб атади.

Фото: El Baba / UNICEF

ҲАМАС ташкилоти Вашингтоннинг Ғазо секторида фаластинлик тинч аҳолига ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақидаги айбловларини рад этди. ҲАМАС 19 октябр, якшанба куни қилган баёнотида буни «Исроил ташвиқотига мос келадиган асоссиз даъволар» деб атади.

Куни кеча АҚШ Давлат департаменти гуруҳ томонидан Ғазо секторида яшовчи фаластинлик тинч аҳолига қарши режалаштирилган ҳужум ҳақида огоҳлантирди. Қўшма Штатлар, шунингдек, минтақадаги тинчлик режаси бўйича кафил давлатларга мавжуд ўт очишни тўхтатиш режими бузилганлигини кўрсатадиган «ишончли хабарлар» тақдим этди, дея маълум қилди Давлат департаменти. Давлат департаментининг қайд этишича, бундай ҳужум минтақадаги тинчлик жараёнидаги тараққиётга путур етказади.

10 октябр куни ўт очишни тўхтатиш келишуви кучга кирган ва Исроил қўшинлари сўнгги жанговар ҳаракатлар зонасининг қарийб ярмидан олиб чиқиб кетилганидан сўнг, Ғазо секторида Фаластин фуқароларининг ҲАМАС жангчилари томонидан қатл этилгани ҳақида хабарлар келиб тушди, дея хабар берди dpa Давлат департаменти маълумотларига таяниб.

ҲАМАС ўз баёнотида, шунингдек, Исроилни Ғазо секторидаги «қотилликлар, одам ўғирлаш, гуманитар ёрдамни талон-торож этиш ва фаластинлик тинч аҳолига ҳужумлар содир қилган» «жиноий тўдаларни» қўллаб-қувватлашда айблади. Сўнгги ҳафталарда минтақада ҲАМАС бошқарувига қарши чиққан гуруҳ ва рақиб кланлар ўртасида тўқнашувлар бўлгани ҳақида кўплаб хабарлар келиб тушди, дея маълум қилди dpa.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид