Жаҳон | 23:43 / 20.10.2025
5782
2 дақиқада ўқилади

Лавров ва Рубио Украинадаги урушни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилди

Россия ташқи ишлар вазири ва АҚШ давлат котиби телефон орқали суҳбатлашди.

Фото: AP

20 октябр куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Марко Рубио телефон орқали мулоқот қилди, унда, хусусан, Украинадаги урушни ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.

«Россия Федерацияси президенти Владимир Путиннинг АҚШ президенти Доналд Трамп билан 16 октябрь куни бўлиб ўтган телефон орқали мулоқоти чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш йўлидаги эҳтимолий аниқ қадамлар конструктив муҳокама қилинди», дейилади Россия ТИВ хабарида.

Ўз навбатида, АҚШ Давлат департаменти Рубио Лавров билан суҳбатда Москва ва Вашингтон ўртасидаги ҳамкорлик Украинадаги можарони барқарор ҳал этишга эришиш учун муҳимлигини таъкидлаганини қўшимча қилди.

«Давлат котиби бўлажак мулоқотлар Москва ва Вашингтон учун Россия ва Украина ўртасидаги урушни президент Трампнинг қарашларига мувофиқ узоқ муддатли ҳал қилишни илгари суришда ҳамкорлик қилиш имконияти сифатида муҳимлигини таъкидлади», дейилади АҚШ дипломатик идораси хабарида.

16 октябрь куни Путин ва Трамп ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди. Томонлар, хусусан, Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилди. Унинг якунлари бўйича Оқ уй раҳбари россиялик ҳамкасби билан Будапештда учрашув ўтказиш ниятида эканини айтди.

Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг аниқлик киритишича, Венгрия пойтахтини Трамп таклиф қилган, Путин эса бу ғояни қўллаб-қувватлаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид