Жаҳон | 01:58 / 20.10.2025
7694
2 дақиқада ўқилади

FT: Трамп Зеленскийни Россиянинг шартларини қабул қилишга чақирди

Манбаларнинг сўзларига кўра, Америка етакчиси Зеленскийга келишувга рози бўлиши зарурлиги, "акс ҳолда унга йўқ бўлиб кетиш хавфи таҳдид солаётгани"ни айтган. 

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтонда Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашуви чоғида уни Россиянинг шартларини қабул қилишга чақирди, деб ёзади Financial Times ўз манбаларига таяниб. 

"Доналд Трамп Оқ уйда ўтган кескин учрашувда Володимир Зеленскийни урушни тўхтатиш бўйича Россиянинг шартларини қабул қилишга чақирди", — дейилади нашр хабарида.

Газета манбасининг сўзларига кўра, Америка етакчиси Зеленскийга келишувга рози бўлиши зарурлиги, "акс ҳолда унга йўқ бўлиб кетиш хавфи таҳдид солаётгани"ни айтган. 

"Учрашув Трамп “тинмасдан сўкинган” айтишувга айланиб кетди. Ҳаттоки АҚШ президенти Украинадаги фронт чизиғи харитасини столдан улоқтириб юборди", — дея манба сўзларидан иқтибос келтиради газета. 

17 октябр, жума куни Трамп Вашингтонда Зеленский билан учрашув ўтказди. Ундан олдинроқ, пайшанба куни эса Россия президенти Владимир Путин билан телефонда суҳбатлашди. Ушбу суҳбатдан сўнг у Россия президенти билан Будапешт шаҳрида учрашув ўтказиш ниятини маълум қилди.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид