Иқтисодиёт | 12:56 / 21.10.2025
2023
2 дақиқада ўқилади

Кореяда Фарғона вилояти савдо-логистика маркази очилди

Кореянинг Паран шаҳрида Koreta Co., LTD компаниясининг янги савдо-логистика маркази ишга туширилди. 

Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги

Марказнинг очилиш маросимида амалий ташриф билан Корея Республикасида бўлиб турган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ҳамда Ўзбекистоннинг Кореядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов иштирок этди.

Логистика маркази фарғоналик ёш тадбиркорлар — Абдувоҳид Қодиров, Жавоҳир Валиев ва Муҳаммадсаид Хўжаев ташаббуси ҳамда 6 миллион долларлик сармоя ҳисобига барпо этилди.

Ўзбекистоннинг Кореядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Абдусаломов сўзга чиқиб, Koreta компанияси Ўзбекистон маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқаришда муҳим ўрин тутаётганини қайд этди. Элчихона томонидан ватандошлар бизнес ташаббусларига амалий кўмак ва қўллаб-қувватлаш доимий равишда кўрсатилаётгани таъкидланди.

Маросим доирасида Koreta Co., LTD компанияси фаолияти бўйича тақдимот ўтказилди. Компания 10 йилдан ортиқ вақтдан бери озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотларини Корея бўйлаб етказиб бериш билан шуғулланади. Ҳозирда 1000 дан зиёд мижозлар базаси мавжуд бўлиб, компания Корея ҳарбий тизими билан ҳам маҳсулот етказиб бериш бўйича шартнома тузган. Ассортимент 1100 дан зиёд турдаги маҳсулотларни ўз ичига олади.

Маҳсулотлар қисман Ўзбекистондан, шунингдек, Россия, Грузия, Болгария, Италия, Полша ва Нидерландия каби 17 дан ортиқ давлатдан келтирилади. Компаниянинг Полшада офислари, Қозоғистонда сут маҳсулотлари заводи ҳамда Ўзбекистонда тўқимачилик фабрикалари фаолият юритмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид